ФИРИБГАР ЙИГИТНИНГ СЎНГГИ МАНЗИЛИ
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди биносида суд жараёни кетмоқда. Суднинг қора курсисида эса Шавкат Ҳалимович Рўзиев (мақоладаги исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилган) нигоҳини ерга тикканича ўтирибди. Шу ўринда яқинларнинг кўзига қарашга ҳам юзи чидамаётган Шавкат Рўзиевнинг таржимаи ҳолига бир назар ташлаб ўтсак. Шавкат Ҳалимович Рўзиев — Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти олий, вақтинча ишсиз, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланган:
1) жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг 18. 03. 2010 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб, 9420000 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, 25. 10. 2010 йилдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Амнистия тўғрисида»ги қарорига асосан жазодан озод қилинган;
2) жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод (собиқ Ҳамза) туман судининг 27. 08. 2011 йилдаги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан юритилган жиноят иши ЖКнинг 661-моддасига асосан томонлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган;
3) жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг 03. 02. 2016 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 144-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 1302400 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган;
4) жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг 19. 12. 2018 йилдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 1 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ажримига асосан ЖКнинг 73-моддаси қўлланилиб, қўшимча жазо мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг 6 ой 12 кун муддатга жазосидан озод қилинган, жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ажримига асосан ЖКнинг 73-моддаси қўлланилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан 1 йил 4 ой 5 кун муддатидан илгари шартли озод этилган.
Бу маълумотларни ўқиркансиз беихтиёр ёқа тутишингиз ва Шавкатнинг шунча хатолардан хулоса чиқармасдан яна эгри йўлни танлаганини кўриб, ҳайрон қолишингиз тайин. Чиндан ҳам, «Букрини гўр тузатади», деганларидек Шавкат Рўзиев 2019 йил апрель ойида Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган «Наврўз» тўйхонаси олдида ва Тошкент шаҳрининг бошқа жойларида бўла туриб, алдаш ёки ишончни суиистеьмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, Ғанишер Абдукаримович Боқиевнинг ишончига кириб, унга Тошкент шаҳар, Яккасарой туманида жойлашган тўйхоналардан бири ёнидаги 55 сотих ер майдонини 100000 АҚШ долларига сотиб олиб беришни ваъда қилиб олдиндан 50000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, берган ваъдасини бажармасдан, олган пулларини ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, Ғ. Боқиевга 422274500 сўм миқдорда моддий зарар етказган.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан олинган маълумотга кўра, 01. 05. 2020 йилда 1 АҚШ долларининг Ўзбекистон Республикаси сўмига нисбатан қиймати 8445, 49 сўмга тенг бўлиб, 50000 АҚШ доллари 422274500 сўмни ташкил қилади.
Судланувчи Шавкат Ҳалимович Рўзиев суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб, дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаб, раҳбарлик лавозимида ишлаб юрган вақтида таниши А. Омонов орқали Ғ. Боқиев билан танишганлигини, у Ғ. Боқиевга Яккасарой туманида жойлашган тўйхона олдида 55 сотих ер майдони борлигини, ушбу ерга кўп қаватли автотураргоҳ қуриш мумкинлигини, агар маъқул келса автотураргоҳ қуришда ёрдамлашишини айтиб, уни ер майдонига олиб бориб, у ерни кўрсатганини тан олди.
— Қалай, жойнинг ўзи маъқул тушдими? — кўзларини хиёл қисганича Ғанишерга тикилди Шавкат.
Ғ. Боқиев оғзининг суви қочгудек бўлиб, ёйилиб кулди:
— Бўлмасам-чи, ака, ахир бунақа жойни ҳар куни ҳам таклиф қилишавермайди.
— Агар ер майдони маъқул келган бўлса, тезроқ ҳаракатни қилиб ишга киришиш керак, — деди Шавкат. — Чунки бунақа яхши жойнинг харидори ҳам кўп бўлади, вақтида отни қамчиламасак ерни бошқалар илиб кетиши мумкин.
— Бўлди, ака, сиз нима десангиз шу, — дарров елкасини қисиб, Шавкатнинг сўзларини маъқуллади Ғанишер.
— Эй, йўқ, бундан бу ёғига мен нима десам шу эмас, сиз нима десангиз шу бўлади. Ахир бу жойни мен эмас, сиз сотиб оляпсиз, — беўхшов тиржайиб гапирди Шавкат.
— Ўзингиз йўл-йўриғини кўрсатиб юбормасангиз, менинг бунақа ишларга умуман тишим ўтмайди, — тағин ўзини ҳеч нима тушунмайдиган содда қилиб кўрсатди Ғанишер.
— Биринчи ўринда жойнинг планшетини тайёрлаб, очиқ эшиклар куни Тошкент шаҳар ҳокимига планшетни тақдим қилиш керак, агар ҳоким рухсат берса автотураргоҳ қуришни бошлаб юбораверасиз.
— Ака, бу ёғига ёрдам бераман дедингиз, энди у ёғини ҳам ўзингиз бир нима қилиб беринг. Рости, мен планшет ва бошқа ҳужжатларни қандай тайёрлашни ҳам билмайман. Нима хизмат бўлса, айтаверасиз, у ёғидан хавотир олманг, — дея қўлини кўксига қўйди Ғанишер.
— Яхши, муомалали йигит экансиз, майли, ёрдам берганим бўлсин, — дея қўлини Ғанишерга узатди Шавкат. — Лекин ўзингиз айтганингиздек, бу ишлар бехаражат битмайди.
— Ака, айтдим-ку, сиз ҳужжатларни тайёрлайверинг, у ёғига нима десангиз барчасини муҳайё қиламиз, — бу сафар икки қўлини ҳам кўксига қўйиб, ялтоқланди Ғанишер.
— Ернинг нархи қанча бўлишини мен сизга айтдим. Бундан ташқари ҳамма иш битиб, ер майдони қонуний сизнинг номингизга расмийлаштирилганидан кейин менга ўн минг АҚШ доллари берасиз.
Шавкатнинг бу сўзларни эшитган Ғанишер қўлларини кўксидан олмаган кўйи «Хўп, хўп», дея бош ирғади.
— Юз мингнинг ярмини заклат тариқасида олдиндан бериб қўясиз, қолганини нотариусга борганда берасиз, маъқулми?
— Маъқул, ака, маъқул!
2019 йилнинг баҳор ойларида Ш. Рўзиев Ғ. Боқиев билан учрашди ва ундан автотураргоҳ учун тайёрланадиган ҳужжатлар учун деб 50000 АҚШ доллари миқдорида пул олди. Кейин эса жой учун планшетни чиздириб тайёрлаб, планшетни Ғанишерга берди. Бироқ очиқ эшиклар куни Тошкент шаҳар ҳокимиятига кириб, планшетни кўрсатганида архитектура ходимлари унга қурилишга рухсат беришмади. Шундан сўнг ҳафсаласи пир бўлган Ғ. Боқиев Шавкатдан олган пулларини қайтариб беришини талаб қилди. Аммо 50000 АҚШ доллари аллақачон Ш. Рўзиевнинг жиғилдонидан ўтиб кетиб бўлган, энди бу пулларни қайтаришнинг асло иложи йўқ эди.
Эллик минг доллар нафақат Ўзбекистонда, балки АҚШда ҳам эллик минг доллар-да, шу боис Ғанишер тез-тез Шавкатдан пулини сўрай бошлади. Охир-оқибат Ш. Рўзиев 2020 йилнинг май ойида танишлари гувоҳлигида Ғанишерга ерни ҳужжатлаштириб бериши эвазига пул олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беришга мажбур бўлди. Сўнгра Ғ. Боқиевдан олган 50000 АҚШ долларини бўлиб-бўлиб қайтара бошлади. Шу тариқа 50000 доллардан 40000 долларини узди, бироқ қолган 10000 АҚШ долларини қайтариб бера олмади. Натижада яна Ғанишернинг қон босими кўтарилиб, ортиқча гап-сўзлар кўпайди…
Суд мажлисида Ш. Рўзиев қилган ишидан пушаймон эканлигини билдириб, оилада ягона боқувчи эканлигини, уч нафар фарзанди борлигини ва оилавий шароитини инобатга олиб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячининг фикрларини, судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиб, муҳокама қилиб, жиноят иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, Ш. Рўзиевнинг жиноят содир этганликдаги айби, тергов олди суриштирув ишлари жараёнида тўпланган ҳужжатлар: ариза, тушунтириш хатлари, нарсани олиш ва кўздан кечириш баённомаси, нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш ва уни жиноят ишига бирлаштириш қарори, сўроқ қилиш ва юзлаштириш баённомалари ҳамда жиноят иши бўйича барча тўпланган Ўзбекистон Республикаси ЖПК 95-моддаси тартибида текширилган ва баҳоланган бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган, деб ҳисоблайди.
Дастлабки тергов органи томонидан Ш. Рўзиевнинг жиноий ҳаракати Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни жуда кўп миқдорда қўлга киритишда ифодаланган ҳаракатлари билан тўғри квалификация қилинган.
Суд ҳукмига кўра, Шавкат Ҳалимович Рўзиевга ўталмай қолган асосий ва қўшимча жазоларни қисман ва тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 6 ой 12 кун мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 (беш) йил 1 (бир) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ҳукм қонуний кучга кирганидан сўнг судланувчи Ш. Рўзиевдан жабрланувчи Ғ. Боқиев фойдасига 106350000 (бир юз олти миллион уч юз эллик минг) сўм миқдорида моддий зарар ундирилиши белгилаб қўйилди.
Мана, азиз ўқувчилар, фирибгарлик билан боғлиқ яна бир жиноят ишини эътиборингизга ҳавола қилдик. Ўйлаймизки, ушбу мақоладан ҳар ким ўзига тегишли хулоса чиқариб олади.
Хусан ПАРПИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси
Суннатулло АБДИМУРОД ўғли, журналист