Тезликни оширганлик учун жарима миқдори камайтирилиши мумкин
Тезликни оширганлик учун жарима миқдори камайтирилиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Куни кеча ЎзХДП фракцияси йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳасида фуқароларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори пасайтирилгани айтилмоқда.
ЎзХДП фракциясининг бир гуруҳ депутатларидан иборат Ишчи гуруҳи томонидан автотранспорт воситаларини бошқаришда йўлларда белгиланган тезликка риоя этилишини радарлар шунингдек, стационар ва кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланган ҳолда назорат қилиниши ўрганилганида фуқароларимиз томонидан қўлланилаётган жарималар юқори эканлиги бўйича ҳақли эътирозлар билдирилган.
Шундан келиб чиқиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1283-моддаси иккинчи қисми санкциясидаги жарима миқдорини базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари (ҳозирда 5 баравар) қилиб белгилаш бўйича таклиф билдирилган.
Шунингдек, жарималар аҳолининг реал даромадларидан келиб чиқиб белгиланиши бўйича яна бир қатор таклифлар бериб ўтилган.