Толибон қамоқдан қотиллар ва наркосавдогарларни озод қилди. Собиқ прокурорлар яширинишга мажбур бўлмоқда
Билдирилишича, Толибон Афғонистон устидан назоратни қўлга киритганидан сўнг кўплаб жиноятчиларни қамоқдан чиқарган.
Собиқ прокурорларнинг халқаро матбуотга билдиришларича, Толибон август ойида қамоқдан чиқарган маҳкумларнинг асосий қисми Толибон, Ислом давлати ва Таҳрики Толибони Покистон ташкилотининг жангариларидир.
Прокурорлар озод қилинган бу маҳкумлар Толибон Афғонистонда жорий қилмоқчи бўлган шариат қонунларига асосан ҳам жуда қаттиқ жазо, жумладан, ўлим жазоси қўлланилиши лозим бўлган шахслар эканини билдирмоқда.
Озодлик радиоси афғон хизматига адвокатлар қамоқдан озод этилган маҳкумлар ўч олиш мақсадида камида уч нафар прокурорга ҳужум уюштирганини маълум қилмоқда.
Толибон раҳбарияти халқаро ҳамжамиятни жангарилар собиқ амалдорлардан ўч олмаслигига ишонтирмоқчи бўлиб келмоқда. Толибон ҳукумати ҳам бу борада ваъда берган.