Туркия Россия билан С-400 тизимини етказиб бериш бўйича шартномани якунига етказди
Туркия Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олиши борасидаги АҚШнинг доимий босими билан келиша олмайди. Россия билан шартнома якунига етган ва қайта кўриб чиқилмайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди.
«АҚШ аввал С-400 ни баҳона қилиб бизга F-35 самолётларини сотмай қилган хатосини тўғриласин. С-400 сабабли бизга мунтазам босим ўтказилишини қабул қилолмаймиз, бунга розимасмиз. Россия билан шартнома якунига етган, ортга йўл йўқ», — дея Эрдўғаннинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Hurriyet нашри.
Эрдўған август ойида Россиядан С-400 тизимининг иккинчи полки сотиб олинишига ишонч билдирганди.
«Рособоронэкспорт» раҳбари Александр Михеев Туркияга С-400 тизимининг қўшимча партияларини етказиб бериш бўйича иккинчи шартнома шу йил имзоланиши мумкинлигини маълум қилди.
21 июл куни агар Туркия Россиядан ҳарбий техника сотиб олишда давом этса, АҚШ унга қарши санкциялар киритиши хабар қилинганди.
РБК