Мирзиёев собиқ бош прокурор билан ўртасида кечган зиддият ҳақида гапирди
Бу ҳақда Times.uz интернет нашри хабар қилмоқда.
Нашрга кўра, Мирзиёев Самарқанд вилоятида ҳокимлик қилган даврида туман прокуратураларидан бирининг муҳташам биносини болалар уйига тортиб олиб бергани ортидан ўша пайтдаги Бош прокурор билан зиддиятга борган. Аммо номзод иддаосида прокуратура раҳбарининг номини тилга олмаган.
“Самарқанддаги меҳрибонлик уйларини мендан яхши биладиган одам йўқ. Биринчи марта келганимда у жойларга кириб бўлмасди. Бир туман прокуратураси чиройли бинода ўтирган эди. Қаровсиз меҳрибонлик уйини ўша бинога кўчиртирдим.
Ўшанда биринчи марта республиканинг собиқ прокурори билан “борди-келди” гап бўлди, "сан-ман"га бордик. “Мен шу вилоятда ҳокимман, ўзим учун қилмадим, болалар учун, халқ учун қилдим” деган сўзларини келтиради нашр.
Шавкат Мирзиёев 2001 йил сентябридан 2003 йил декабрига қадар Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаган. Ҳозирда қамоқда бўлган Рашитжон Қодиров эса 2000 йил февралидан 2015 йилга қадар Бош прокурор лавозимида ишлаган. Қодиров 2018 йил февралида хизмат ва ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ҳамда катта миқдорда пора олишда гумонланиб қўлга олинган. У 10 йил қамоқ жазоси ва энг кам иш ҳақининг 500 баравари миқдорда жаримага маҳкум этилган.