Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ташкил этилади
Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртимизни халқаро спорт майдонларида муносиб равишда танитиш мақсадида барча ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусидан бири айнан шу йўналишга қаратилгани ҳам буни яққол исботлаб турибди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 сентябрда қабул қилинган “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, велоспорт турларини 2021–2022 йилларда ривожлантириш дастури тасдиқланди.
2022/2023 ўқув йилидан Туризм ва спорт вазирлиги тизимига кирадиган Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ва қўшимча 25 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ҳамда спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар ташкил этилади.
Мазкур қарорга асосан, Бухоро, Қарши, Навоий ва Термиз олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича бўлимлар иш бошлаши режалаштирилган. Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернати ўқувчиларининг умумий контингенти 100 нафарни ташкил қилади.
Мазкур мактаб-интернатга велоспорт турлари бўйича белгиланган синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар 2022/2023 ўқув йилидан ҳар йили 5-синфга қабул қилинади.
2022/2023 ўқув йилдан бошлаб, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, барча олимпия захиралари коллежларида велоспорт турлари бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич ошириб борилади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус ва Фарғона филиалларида велоспорт турлари бўйича бакалавриат таълим йўналиши очилади. Шунингдек, Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузурида Ўзбекистон профессионал велосипедчилар спорт клуби фаолияти йўлга қўйилади. Ҳар йили 3 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида узунлиги 15–20 километрдан кам бўлмаган веломарафонлар ташкил қилинади.
Бундан ташқари, 2022 йилдан ҳар йили велоспортнинг шоссе (Road) ва тоғ (MTB) турлари бўйича Тошкент вилоятида “Oqtosh-Chorvoq-Mountain”, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида “Save-Aral” кўп кунлик халқаро велопойгалари ўтказилади.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида велошоссе спорт мажмуаси қурилади.
Мазкур қарор мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган ишларда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.