Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги депратамент Қорақалпоғистонда ўзини ДТМда ишлашини айтиб, 29 нафар абитуриентга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент. Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Р.Э. исмли шахс фуқаро Ш.га гўёки ўзини Давлат тест марказида ишловчи шахс сифатида таништириб, унга Али исмли таниши орқали ўқишга кира олмаган абитуриентларнинг балларини кириш балларига тенглаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган. У жами 29 нафар абитуриентни ўқишга киритиб қўйиш эвазига 83 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.