"Ирма" тўфони Флорида штатидаги Кей-Уест оролига етиб борди
"Ирма" тўфони олдидан эсаётган кучли шамол Флорида штатидаги сайёҳларнинг севимли маскани бўлган Кей-Уест оролига етиб борди.
Прогнозларга кўра, унинг йўлида Тампа шаҳри турибди. Аввалига энг ҳавфли бўлган 5 даражали тўфон сифатида баҳоланган "Ирма" 4-даражага туширилди.
Ўтган тунда тезлиги, баъзан, соатига 200 километрга чиқиши кузатилган тўфон Куба қирғоқларидан ўтди. Шимоли-ғарбий соҳил бўйлаб, сув сатҳининг кўтарилгани, айрим жойларда тўлқинлар баландлиги 6-9 метрга етгани кузатилди.
Сўнгги прогнозларга кўра, бошидан тахмин қилингани каби, Ирма тўфони тўғридан-тўғри Маямига урилмайди. Аммо, кучли шамол ва кучли жала йирик пегаполис ва сайёҳларнинг севимли макони бўлган шаҳарга жиддий зарар етказиши кутилмоқда.
Флорида штати губернатори Рик Скотт "Ирма" тўфони ўтиши кутилган ҳудудлардаги 5 миллиондан ортиқ аҳолини эвакуация қилишга қилишга кўрсатма берди. Лекин, огоҳлантирувларга қарамай минглаб одам ўз уйларида қолмоқда.
Соатига 200 километрга бўлган тезликда ҳаракатланаётган "Ирма" довули сўнгги 12 йил ичидаги энг йирик тропик довул экани айтилмоқда. Ҳозирга қадар Кариб денгизи ҳавзасида "Ирма" тўфонида нобуд бўлган 20 киши қайд этилди.
АҚШ президенти Доналд Трамп "Ирма" довулини ҳалокатли, дер экан ватандошларини ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот органлари тавсияларига амал қилишга чақирди.
Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг билдиришича, "Ирма" довулидан шу кунгача Кариб бассейнида 1 миллион 200 минг одам жабрланган.
Август ойининг охирларида АҚШнинг Техас штатига ëпирилган "Харви" довули ва унинг ортидан бошланган сув тошқини оқибатида камда 33 одам ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар уйсиз қолган эди. Харви довулидан кўрилган зарар 8 миллиард долларга яқинни ташкил қилади.