Alex Brandon / AP / Scanpix / LETA Америка президенти Дональд Трамп 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган 59-президентлик сайловларида АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод сифатида иштирок этишга расман рози бўлди. У 27 август куни кечқурун Оқ уйнинг жанубий майсазорида ирод этган нутқида нималар ҳақида гапирди? Қуйида бир соат-у 10 дақиқа давом этган ва тахминан 6 минг сўзни ўз ичига олган мазкур нутқдаги энг асосий жиҳатларга эътибор қаратилади. «Мамлакат тарихидаги энг муҳим сайлов» Трамп Республикачилар партияси томонидан ўтказилган 4 кунлик қурултойининг сўнгги кунидаги ушбу нутқининг кириш қисмида ватандошларга юзланиб, бу кеча «миннатдорчилик ва чексиз оптимизмга тўла қалби» билан АҚШ президентлигига номзодликни қабул қилишини билдирди. Трамп янги даврда Америка иқтисодиётини ўз тарихидаги энг яхши кунларга қайтаришини ва АҚШни барча таҳдид ва хатарлардан ҳимоя қилишини айтди. У АҚШда 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари «мамлакат тарихидаги энг муҳим сайлов» эканлигини таъкидлади: «Авваллари ҳеч қачон сайловчилар икки партия, иккита қараш, иккита фалсафа ёки иккита кун тартиби ўртасидаги танловга дуч келишмаган. Бу сайловда Америка орзусини ҳимоя қиламизми ёки социалистик кун тартиби қимматли тақдиримизни йўқ қилишига қўйиб берамизми – мана шу масалада қарор берамиз. Биз миллионлаб юқори маошли иш жойларини яратамизми ёки ўн йиллар давомида аҳмоқлик қилинганидек, ўз саноатимизни абгор этиб, миллионлаб иш ўринларини чет элга жўнатамизми – мана шу масалада қарор қиламиз. Сизнинг овозингиз билан биз қонунларга бўйсунадиган Америка халқини ҳимоя қиламизми ёки фуқароларимизга таҳдид солувчи зўравон анархистларга, бузғунчиларга ва жиноятчиларга эркинлик берамизми – мана шу масалада қарор берамиз». Байден ва Хитой сиёсати Трамп ўз нутқи давомида демократ рақиби Жо Байден номини қирқ мартадан ортиқ тилга олди ва беаёв тарзда унинг «пўстагини қоқди»: «Демократларнинг миллий конвенциясида Жо Байден ва унинг партияси Американи ирқий, иқтисодий ва ижтимоий адолатсизлик мамлакати ўлароқ тавсифлади. Шунинг учун мен бу оқшом сизга оддий бир саволни бермоқчиман: мамлакатимизни парчалаш учун шунчалар кўп вақт сарфлаган демократлар партияси қандай қилиб бу юртнинг етакчиси бўлиши мумкин? Жо Байден Америка қалбининг халоскори эмас. У Американинг иш жойларини йўқ қилади ва агар имконият берилса, у Американинг буюклигига нуқта қўяди». Трамп Байденнинг 47 йиллик сиёсий ҳаёти ва Хитой сиёсатини танқид қилди: «Жо Байден бутун карьерасини ўз ниятлари ва америкалик ишчиларнинг орзу-ҳавасларини аутсорсинг қилиш, иш жойларини оффшор қилиш, чегараларини очиш ва ўғил-қизларни абадий хорижий урушларга, адоғи йўқ жанг-у жадалларга жўнатиш учун сарфлаган». «Аввалги ҳаётимни ортда қолдирганимдан бери – ва бу яхши ҳаёт эди – мен сиз учун курашишдан бошқа ҳеч нарса қилмадим. Мен Вашингтон сиёсатининг туб қоидаларини бузган ҳолда бизнинг сиёсий ташкилотимиз ҳеч қачон кутмаган ва ҳеч қачон кечира олмайдиган ишни қилдим. Мен берган ваъдамни бажардим. Биз биргаликда муваффақиятсизликка учраган сиёсий синф ҳукмронлигини тугатдик ва энди улар ўз кучларини ҳар қандай усул билан қайтариб олишга интилишади. Сиз буни кўргансиз. Улар менга ғазабланишади, чунки уларни биринчи ўринга қўйишнинг ўрнига мен шунчаки «Америка биринчи» дедим». «Биз илгари ҳеч ким кўрмаган ставка бўйича рекорд даражадаги солиқ ва тартибга солиш имтиёзларидан ўтдик. Қисқагина уч йил давомида биз дунё тарихидаги энг кучли иқтисодиётни қурдик. Вашингтон инсайдерлари мендан Хитойга қарши чиқмаслигимни сўрашди. Улар мендан хитойликлар ишимизни ўғирлашда давом этишига, мамлакатимизни вайрон этишига ва уни кўр-кўрона талон-торож қилишига рухсат беришимни сўрашди. Аммо мен Америка халқига берган ваъдамни бажардим. Биз Хитойга қарши Америка тарихидаги энг қаттиқ, энг жасур, энг кучли зарбаларни бердик. Агар сайловларда Байден ғалаба қозонса, мамлакатимизнинг хўжайини Хитой бўлади». «Биз сўнгги тўрт йилни Жо Байденнинг сўнгги 47 йил ичида етказган зарарини қоплашга сарфладик. Байденнинг қилган иши – ҳаётимиздаги энг ҳалокатли хиёнат ва қўпол хатоларнинг шармандали чақириғидир. У бутун карьерасини тарихнинг нотўғри томонида ўтказди. Байден NAFTA ҳалокати учун овоз берди, бу энг ёмон савдо битими эди. У Хитойнинг Жаҳон савдо ташкилотига киришини қўллаб-қувватлади, бу энг катта иқтисодий офатлардан бири эди. Байденнинг ўша фалокатларидан кейин Қўшма Штатлар ҳар тўртинчи ишлаб чиқаришидан бирини йўқотди. Мичиган, Оҳайо, Нью-Ҳэмпшир, Пенсильвания ва бошқа кўплаб штатларда одамлар ишдан бўшашга мажбур бўлди. Улар Байденнинг ҳамдардлик сўзларини эшитишни эмас, ўз иш жойларини қайтариб олишни исташди». Трамп таъминот занжирлари ва ишлаб чиқариш тармоқларини мамлакат ичкарисида ушлаб туриш учун ҳаракат қилишларини таъкидлади ва «Жо Байденнинг режаси Хитой ишлаб чиқариши, менинг режам эса Америка ишлаб чиқаришидир», деб қўшимча қилди. Коронавирус муаммоси Трамп коронавирусга қарши кураш доирасида амалга оширилаётган ишларда қўлга киритилган ютуқларни эътироф этди ва мамлакатда ўлим кўрсаткичи Европа мамлакатларига нисбатан анча паст эканини маълум қилди: «Сўнгги ойларда миллатимиз ва бутун сайёрамиз янги ва кучли кўринмас душманга дуч келди. Биздан аввалги жасур америкаликлар сингари биз ҳам машаққатлар билан юзма-юз келяпмиз. Биз ҳаётни сақлаб қолувчи муолажаларни амалга оширяпмиз ва йил якунига қадар ва ҳатто ундан ҳам олдинроқ вакцинани ишлаб чиқарамиз. Биз вирус ва пандемияни енгиб, ҳар доимгидан ҳам кучлироқ бўламиз». У яна мавзуни Байденга «бурди»: «Агар Жо Байден сайланса, Хитой мамлакатимизга хўжайинлик қилади. Байдендан фарқли ўлароқ, мен улардан бутун дунё бўйлаб фожиага сабаб бўлганларининг ҳисобини сўрайман. Сўнгги ойларда пандемия халқимизга ва бутун дунёга зарар етказди. Хитой бутун дунё бўйлаб унинг тарқалишига йўл қўйиб берди. Улар буни тўхтатиб қўйишлари ҳам мумкин эди, бироқ унинг чиқишига йўл қўйиб беришди. Агар биз Жони тинглаганимизда, яна юз минглаб америкаликлар ўлган бўлар эди. Жо Байден илм-фанга эргашиш ўрнига, бутун мамлакатни оғир аҳволга солмоқчи. Унинг ҳукуматга келиши миллатимиз болаларига, оилаларига ва турли ижтимоий келиб чиқишга эга бўлган фуқароларга ақлга сиғмайдиган даражада доимий зарар етказиши мумкин. Байденнинг ҳокимиятга келиши гиёҳванд моддалар миқдорининг ошиши, депрессия, алкоголга мойиллик, ўз жонига қасд қилиш, юрак хуружи, иқтисодий ҳалокат, иш жойини йўқотиш ва бошқа ҳолатлар билан ўлчанади. Жо Байденнинг режаси вирусни ҳал қилиш эмас, аксинча, бу вирусга таслим бўлишдир». Қора танлилар ва Яқин Шарқ сиёсати Трамп мамлакатдаги қора танлилар учун қўлдан келганча ҳаракат қилаётганликларини билдирди: «Мен афроамерикаликлар жамияти учун республикачиларнинг биринчи президенти Авраам Линкольндан кейинги ҳар қандай президентдан кўра кўпроқ иш қилганимни жуда камтарлик билан айтмоқчиман. Мен уч йил ичида қора танлилар жамоаси учун Жо Байден 47 йил ичида қилганидан кўра кўпроқ иш қилдим». Шунингдек, Трамп ҳокимиятга келган даврини ҳам эсга олди. «Мен лавозимга киришганимда, Яқин Шарқ бутунлай хаосда эди. ИШИД қутуриб, Эрон тобора кучайиб бораётган, Афғонистондаги урушнинг эса адоғи кўринмаётганди. Мен Эроннинг даҳшатли бир томонлама ядровий келишувидан чиқдим. Ўзимдан олдинги кўплаб президентлардан фарқли ўлароқ, ваъдамни бажардим. Исроилнинг ҳақиқий пойтахтини тан олдим ва элчихонамизни Қуддусга кўчирдим». Хавфсизлик кучлари ва полиция масаласи У демократлар ва Байден АҚШнинг кўплаб қадриятларини йўқ қилишини таъкидлади ва «Байден социализмининг Троя оти» ҳақидаги иддаоларини ҳам илгари сурди. «Байден заиф. У буйруқларни либерал риёкорлардан олади. Бу одамлар харобалардан қочиш асносида ўз шаҳарларини вайрон қилган одамлардир». Трамп, шуниндек, агар сайловда Байден ғалаба қозонгудек бўлса, полиция ташкилотларига бериладиган маблағлар қисқартирилишини таъкидлади. «Демократлар мамлакат бўйлаб хавфсизлик кучларини камайтирадиган қонунларни қабул қилишади. Шу тариқа барча шаҳарлар Портленд каби бўлади. Байденнинг Америкасида ҳеч ким хавфдан холи бўлмайди. Биз эса ҳар доим Америка хавфсизлик кучлари томонидамиз». Трамп Америка халқининг хавфсизлиги ва қадр-қимматда яшаши учун ҳаракат қилишларига ваъда берди: «Демократик партия анархистлар, талончилар, бузғунчилар, исёнчилар, байроқ ёқувчилар билан ёнма-ён туришни истаса, бу уларнинг танлови. Аммо мен президент эканман, ҳеч қачон бу ишнинг бир қисмига айланмайман». Оқ уй олдида намойишлар ўтказилди Трамп нутқ қилаётган пайтда Оқ уй олдида мингга яқин одам тўпланди ва мамлакатдаги ирқчилик ва полиция зўравонлигига қарши намойиш ўтказилди. Black Lives Matter (Қора танлиларнинг ҳаёти қадрлидир) кўчасида йиғилган намойишчилар полиция зўравонлиги туфайли вафот этган Жорж Флойд ва якшанба куни полициянинг ўт очиши натижасида жиддий жароҳат олган Жейкоб Блейкни ёдга олишди.