Москвада калтакланган блогер Егор Жуков ҳужумни ўз касбий фаолияти билан боғламоқда
Тиббий кўрик 30 август оқшомида икки номаълум шахс томонидан калтаклаб кетилган блогер Егор Жуковнинг бошида ҳеч қанақа жароҳат аломатларини аниқлаган эмас. Бу ҳақда Жуковнинг ўзи маълум қилган. Бунга оид хабарни “Жуков командаси” ижтимоий тармоқларда тарқатган.
Блогер ҳужум тафсилотларига тўхталар экан, уни ўз сиёсий фаолияти билан боғлаган.
“Маиший даражада менинг ҳеч ким билан душманлигим йўқ эди. Аммо менинг касбий фаолиятим кўплаб қаллоб ва ўғриларни асабини бузади”, дея қайд этган Егор Жуков. Блогер ҳужумга оид суриштирув охирига етказилишига шубҳа билдирган. Жуковга кўра, бу ҳужумга айнан ким буюртма берганига боғлиқ.
31 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича президент ҳузуридаги кенгашнинг Ахборот эркинлиги ва журналистлар ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси ички ишлар вазири Владимир Колокольцевга Егор Жуковга ҳужум ҳодисаси бўйича жиноят ишини алоҳида назоратга олиш илтимоси билан мурожаат қилган, дея хабар қилади ТАСС агентлиги. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш содир бўлган воқеани блогер ва “Эхо Москви” радиоси мухбири Егор Жуковнинг журналистик фаолияти билан боғлаш учун барча асослар борлигини урғулаган.
Якшанба оқшомида Егор Жуковга унинг Москвадаги уйи яқинида ҳужум уюштирилган. Фаолнинг сафдошлари жабрланувчининг суратини эълон қилганлар. Кейинроқ блогер бош-мия жароҳати гумони билан касалхонага йўллангани маълум бўлди. Полиция “калтаклаш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.
Бу Жуковга қарши уюштирилган ҳужумларнинг иккинчисидир. 24 июль куни икки номаълум шахс блогернинг уйи йўлаги олдида унга ҳужум қилишга уринишган. Аммо у қочиб кетишга муваффақ бўлган ва шу важдан жиддий жароҳат олган эмас.
Ўтган йил декабрида Москванинг Кунцево туман суди талаба Егор Жуковни шартли равишда уч йилга озодликдан маҳрум қилган. Ўша йил августида у 27 июль куни ўтказилган норозилик акциясида иштирок этгани учун ҳибсга олинганди. Мазкур акция иштирокчилари Москва шаҳар думасига ҳалол сайлов ўтказишни талаб қилиб чиқишганди.
Даставвал Жуковга “оммавий тартибсизликлар”га оид моддани қўйишган, кейин эса ундан бу айблов олиб ташланиб, YouTube видеопорталидаги роликлар учун янги айблов қўйилган. Бу роликларда, расмийлар иддаосича, экстремизмга чақириқлар бўлган. Жуков бу айбловларни рад этиб, ўзининг “сиёсий сабабларга кўра” таъқиб қилинаётганини билдирган.