Фото: Google Photos Нацист Германияси доҳийси Адольф Гитлернинг Барбаросса ҳарбий амалиёти №21 буйруқ номи билан ишлаб чиқилди. Мазкур ҳарбий амалиёт Германия қироли ва Муқаддас Рим империясининг императори Барбаросса тахаллусли немис ҳукмдори Фридрих I Штауфен номи билан боғлиқ эди. Барбаросса режасини амалда татбиқ этиш билан Гитлер Совет Иттифоқига қақшатқич зарба беришни ва босиб олишни мақсад қилди. «Дарё» 1940 йилнинг декабрь ва 1941 йилнинг июнь ойларида ишлаб чиқилган, Гитлерни мағлубиятга учратган Барбаросса режаси тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Барбаросса режаси Гитлер икки фронтда уруш қилгани билан, охир оқибат, урушда мағлубиятга олиб келувчи режа сифатида тарихда қолди. Гитлер Барбаросса ҳарбий амалиётини ишлаб чиқар экан, шиддатли уруш олиб бориш орқали Совет Иттифоқини қисқа фурсатда мағлуб қилишни назарда тутарди, аммо у урушнинг чўзилиб кетишини инобатга олмаган эди. Совет Иттифоқига ҳужумдан олдинги сиёсий вазият Немис миллий социалист ишчилар партияси бошида турган Гитлернинг 1933 йилда ҳокимият тепасига келиши билан Германияда Биринчи жаҳон урушидаги мағлубиятдан ларзага келган Гитлер қасос олиш мақсадида ҳаракат қила бошлайди. 1930 йилнинг ўрталаридан бошлаб Германияда Совет Иттифоқи билан бўлғуси уруш муқаррарлиги ҳақида ҳеч ким инкор қилмасди. 1939 йилда Германия шарқдаги хавфнинг олдини олиш ва Польшага бостириб кириш мақсадида Сталин билан шу йилнинг август ойида ҳужум қилмаслик борасида битим имзолади. Бу битимдан мақсад Германия ғарбни босиб олишни кўзлаган эди. 1939 йилнинг 1 сентябрида Германия ва 17 сентябрда Совет Иттифоқи Польшага бостириб кирди ва ғарбий Украина ва ғарбий Белоруссияни босиб олди. Натижада Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида чегара белгиланди. Бу воқеалар Польша давлатининг парчаланишига ва ўз мустақиллигини йўқотишига олиб келди. Буюк режа ва ёлғон ахборот Ҳарбий тарихчи Юрий Кнутов «Гитлер Совет Иттифоқига зарба беришни анча олдин – ҳокимият тепасига келмасдан аввал тузиб қўйган ва бу унинг «Менинг юришим» китобида ҳам акс этган», деган фикрни берди. 1938 йилдаги Мюнхен битимидан кейин Гитлер ғарб давлатларининг юмшоқ сиёсати ва Германия кучини Совет Иттифоқига қаратиш истаги натижасида Чехословакияни босиб олди. Чехословакиянинг босиб олиниши эса Германияга ўз саноатини ва ҳарбий салоҳиятини ошириш имконини берди. 1940 йилга келиб Германия ғарбдаги кўплаб мамлакатларни: Дания, Норвегия, Бельгия, Нидерландия, Франция ва Люксембургни босиб олди, Буюк Британияга бостириб киришга шошилмади. Немис тарихчиси Эрих фон Манштейн назарида, Гитлер Буюк Британияга бостириб киришга эмас, аксинча, бор диққатини шарқни эгаллашга қаратган, деган фикрда. Шарқ Гитлер учун Германия учун ҳаётий макон очиши ҳамда немис ирқига мансуб бўлмаганлар учун сургун макони бўлиши керак эди. 1940 йилга келиб Гитлер қатъий бир қарорга келди. У бир пайтнинг ўзида ҳам инглизларга, ҳам русларга қарши жанг олиб бориш имкони борлигига ишонч ҳосил қилди. 21 июль санасида Германия қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги Гитлердан Совет Иттифоқига қарши жанг режасини тузиш топшириғини олди. Генерал фельдмаршал Валтер фон Браухич вермахт СССРга қарши уруш режасини 1940 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқиши борасида ваъда берди. Фото: Google Photos Гитлер урушни кейинроқ бошлаш ақлли қарор эканини айтди. 1940 йилнинг август ойига келиб, Гитлер немис қўшинларини шарқда Совет Иттифоқи чегараларида тўплаш билан боғлиқ «Ауфбау Ост» режасини бошлаб юборди. 1940 йилнинг сентябрь ойига келиб эса тақдирнинг ҳазилими, Гитлер Совет Иттифоқига қарши жанг режаси тайёрлашни генерал лейтенант Паулюсга топширди. Паулюс Сталинград жангларида асирга олинган энг биринчи немис фелдмаршали сифатида тарихда қолди. 1940 йилнинг 18 декабрида Гитлернинг Совет Иттифоқига қарши «Барбаросса ҳарбий амалиёти» режаси қабул қилинди. Барбаросса режаси тайёрланар экан, Германия имкон қадар Совет Иттифоқини «руслар билан уруш қилмаслик тамойилига асосланишида» ишонтиришга ҳаракат қилар, Совет Иттифоқи билан турли битим ва келишувларни имзолаш орқали яхши қўшничилик алоқалари муҳимлигини исботлашга ва бу билан рус тарафини доғда қолдиришга уринарди. Геббелс ўз кундалигида «Фюрер советларга қарши юришини шу даражада яширишга муваффақ бўлдики, бу манёвр мисли кўрилмаган даражада муваффақиятли амалга ошди», деб ёзиб ўтди. Аслида ҳам шундаймиди? 1940 йилда Москва Токиодаги жосусидан Гитлер Совет Иттифоқига қарши кутилмаган уруш бошлаши ҳақида хабар қилди, аммо Сталин ўз жосуси тарафидан юборилган радиограммага бефарқлик билан қаради. Сталин назарида, 1939 йилда имзоланган махфий битимнинг мавжудлиги икки мамлакат ўртасида уруш чиқмаслигига кафолат эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Токиодан СССРнинг «Рамзай» махфий коди билан аталадиган яна бир жосуси Рихард Зоргедан немис қўшинларининг Британияга бостириб кириши аслида ёлғонлиги, немислар немис-совет чегарасида ўзларининг 80 та дивизиясини тўплаётгани ва уруш Харьков—Ленинград—Москва йўналишида олиб борилиши борасида асосли манбага таяниб радиограмма юборди. Сталин бу хабарга ҳам уруш қилмаслик ҳақидаги пактга, ўз ишончига таяниб катта хатога йўл қўйгани кейин маълум бўлди. Рихард Зорге эса ўз маълумотларини Германиянинг Япониядаги элчиси Оттдан ва бошқа юқори мартабали немис ҳарбийларидан олаётгани ҳам Сталинни ўз фикрини ўзгартиришга қодир эмасди. Гитлернинг шарқий юриши эса «блицкриг – шиддатли уруш» жанг стратегиясига асосланганди. Рейх ўз урушини Қизил армиянинг кучларини шиддатли жанг олиб бориш эвазига мағлуб қилишни истаганди. Шу тариқа, 1940 йилнинг 18 декабрида Гитлер СССРга қарши жанг қилиш учун Барбаросса режасини маъқуллади. Фото: Google Photos Совет Иттифоқига қарши бўлажак урушнинг режаси ҳаттоки Вермахтнинг шахсий таркибига ҳам маълум қилмасликка қарор қилинди. Немис аскарларига шарққа кўчиш борасида «дам олишга ёки Британияга қарши кураш учун куч тўплаш керак», деган маънода тушунтириш берилди. Германия шарқ тарафга ўз кучларини сафарбар қиларкан, Совет Иттифоқига бу режа асосан Британиянинг Болқондаги ҳаракатларига қарши тайёргарликдан бошқа нарса эмас, деб маълумот беради. Германияда эса Буюк Британиянинг жўғрофий харитаси чоп этилди. Бу ҳам ўзига хос кўзни шамғалат қилиш сиёсати эди. Бироқ рус тарихчиси Кнутов айтишича, совет разведкасини чалғитишга Гитлер муваффақ бўлмади. Мақсадга элтувчи стратегия Немис қўмондонлиги СССРга қарши уруш олиб боришнинг ўндан зиёд режаларини ишлаб чиқди. Шунга қарамай, бу режаларнинг ҳеч бирида немис режаси иш бермаган тақдирда қандай ҳаракат қилиш кераклиги борасида «Б» режа ишлаб чиқилмаган эди. Гитлер режасига кўра, немис қўшинлари Ленинград, Москва ва Киев йўналишида ҳаракат қилиши ва немис танк қўшинлари Қизил армия кучини бўлиб ташлаган ҳолда Днепр ва Двина дарёсидан ғарб тарафдаги кучларини яксон қилиши керак эди. 1941 йилнинг июнь ойига келиб, Гитлер Совет Иттифоқи чегараларида тўрт миллион аскарини ва 19 та танк дивизиясини жамлади. Буларнинг барчаси Германияга қисқа фурсатда Совет Иттифоқини мағлуб қилишга имкон берадиган тайёргарлик сифатида кўринганди. Рус тарихчиси Кнутов ёзишича, Совет Иттифоқи Болтиқбўйи, Молдова ва Украинада урушга қарши яхши тайёргарлик кўрган бўлса-да, ҳужум айнан Белоруссиядан бошланишига умид қилмаган ва натижада руслар кўп талафот кўрган эди. Кнутов урушнинг дастлабки босқичларида Халхин Гол, Финляндияда уруш нима эканини билган тажрибали аскарлар самарали равишда гитлерчиларга қарши уруш олиб бора олган, деган фикрни илгари сурди. Россия Фанлар академияси аъзоси Андрей Кошкин келтиришича, «Гитлер 1941 йилнинг июль ойига келиб, русларни узоғи олти ҳафта ичида тор-мор қилишни кўзлаган, аммо урушнинг дастлабки 1–2-ҳафтасида немис қўмондонлиги ҳеч қаерда бундай қаршиликка дуч келмаганини» ёзма равишда расмий Берлинга юборган эди. Фото: Google Photos 1941 йил августида немислар Ленинград остонасига етиб борди ва сентябрь ойида Гитлер бор кучини Совет Иттифоқига қарши юборишга қарор қилди. Жанубий йўналишда гитлерчи қўшинлар Одессани босиб олишга эришди. Қримни босиб олиш борасида эса русларнинг кескин қаршилиги натижасида муваффақиятсиз ҳаракат қилди. Сабаби руслар Қримнинг турли нуқталарида десант қўшинлари ёрдамида гитлерчиларнинг ҳаракатларига тўсқинлик қилиб турди. Барбаросса режасига кўра, немислар август ойигача Москвага яқинлашиши, октябрда Волгани кесиб ўтиши, ноябрда эса Кавказ ортини эгаллаши керак эди. Вермахт бу вазифаларни ўз вақтида бажара олмади, бу эса уруш янада чўзилишидан дарак эди. 1941 йилга келиб немис қўшинларининг Москва сари силжиши тўхтатиб қолди ва рус қўшинлари қарши ҳужумга ўта бошлади. 1942 йилда Барбаросса режасининг омадсиз якунланган даври бошланди. Барбаросса режасининг муваффақиятсизлик сабаблари Барбаросса режасининг омадсиз якунланишига сабаб қилиб бир нечта омилларни келтириш мумкин. Аввало, Гитлер рус қўшинларининг кучи ва қўшин захирасини инобатга олмагани, русларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатиши мумкинлиги, иккинчидан, рус ҳарбий қўмондонлиги илғор жосуслик стратегияларидан фойдаланган ҳолда немис ҳарбий режаларидан олдинроқ ҳаракат қила олгани, учинчидан, рус ўлкаси харитасини белгилашда немислар қўл остида аниқ маълумотларнинг мавжуд эмаслиги (ботқоқликлар, сув кечувлари, ўрмонзорлар) каби сабаблар немис қўшинларининг мағлубиятига сабаб бўлди. Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.