Мирзиёев Янги йил арафасида минтақадаги ҳамкасблари билан мулоқот қилди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 30 декабрь куни телефон орқали ўтказилган мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни, хусусан, савдо портфелини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳалари, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва энергетика соҳаларида алоқаларни чуқурлаштириш лозимлиги ҳақида сўзлашишган.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, икки раҳбар мулоқот чоғида ҳудудлар ўртасидаги яқин ҳамкорликни давом эттириш, маданий-гуманитар алмашинувнинг кенг дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратишган.
Давлат раҳбарлари минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашиб, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилишган.
Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган.
Суҳбат чоғида икки томонлама алоқалар ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига эътибор қаратилган.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари икки мамлакат орасидаги амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш юзасидан келишувга эришишган.
Мулоқот пайтида бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилган.