Одамлар кўп тўпланадиган жойларга борадиганлар ҳақида маълумот йиғувчи платформа жорий қилинади
Бунда ташриф буюрувчининг жинси, ёши, ташрифлар сони, кириш вақти, кетиш вақти каби маълумотлар тўпланади.
Вазирлар Маҳкамасининг "2020-2025 йилларда йирик шаҳарларни ривожлантириш чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида 2020 - 2025 йилларда урбанизацияни ривожлантиришнинг асосий концептуал йўналишларига мувофиқ, "Ақлли шаҳар" ва "Хавфсиз шаҳар" дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларида қуйидагилар йўлга қўйилади:
• шаҳарларга кирувчи ва чиқувчи демографик ва транспорт оқимини ҳисобини юритувчи;
• шаҳарларда ҳаракатланувчи аҳоли ва транспорт воситаларининг қатновини назорат қилувчи;
• қоидабузарликларни юқори максимал равишда аниқлаб, қоидабузарлар, шаҳар осойишталигига хавф солувчи ва муайян қидирув остида бўлган жисмоний шахслар ва транспорт воситаларини аниқлаб марказга ҳабар бериш қобилиятига эга;
• шаҳарлардаги барча автотураргоҳлар фаолиятини оптималлаштирувчи, йўллардаги ва йўл четларидаги авто қоидабузарликларни авторақамлар орқали аниқлаш механизмини такомиллаштирувчи;
• шаҳарлардаги барча давлат ва маҳаллий бошқарув идоралари, бозорлар ва сайлгоҳлари ва одамлар кўп тўпланадиган концерт заллари, музейлар ва театрларга ташриф буюрувчилар ҳақида маълумот (жинси, ёши, ташрифлар сони, кириш вақти, кетиш вақти ва ҳк.) тўплаш имкониятига эга;
• реал вақтнинг ўзида бир неча видео оқимларини параллел равишда қайта ишлашга қодир бўлган ва марказдан туриб шаҳарларнинг барча нуқталарини бир вақтнинг ўзида назорат қилиш қобилиятига эга интеллектуал сервер платформаларидан фойдаланиш.
Юқорида кўзда тутилган вазифаларни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот теҳнологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги бажариши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа билан йирик шаҳарлардаги ОТМларни чекка ҳудудга кўчириш таклиф қилинмоқда.