Навоий вилоятида бир йил ичида қасддан одам ўлдириш жинояти 35 фоизга кўпайди
Олий суд Телеграм каналининг маълум қилишича, 2020 йилда Навоий вилоятида қасддан одам ўлдириш ҳолати 2019 йилга нисбатан 35,2 фоизга кўпайди. Расмий маълумотда бу борада ҳеч қандай бошқа рақамлар келтирилмаган.
Бундан ташқари вилоятда қасддан баданга шикаст етказиш 39,2 фоизга, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш 5 фоизга ошгани ҳам қайд этилади.
2020 йилда жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят ва туман (шаҳар) судлари томонидан жами 1075 нафар шахсга нисбатан 873 та жиноят иши кўриб чиқилган ҳамда 596 та жиноят иши бўйича 776 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилган.
Расмий маълумотда айтилишича, Навоий вилоятида босқинчилик, одам савдоси, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғирлик, порахўрлик жиноятлари камайган.