Таниқли адиб Саъдулла Сиёев 82 ёшида оламдан ўтди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Саъдулла Сиёев 82 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати 20 февраль куни кечқурун хабар берди.
Саъдулла Сиёев 1939 йил 25 мартда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Тошкент давлат университетида ўқиди (1957-1962).
Дастлаб “Ёшлик” радиосида, кейинчалик “Муштум” журналида ишлади, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига раҳбарлик қилди.
1970 йилда “Қасам ичмаган йигит” номли биринчи ҳикоялар тўплами чоп этилди. Шундан сўнг “Садағанг кетай” (1972), “Тўйлар муборак” (1975), “Ой бориб, омон келинг” (1976), “Оғир вазнли жанжалкаш”, “Эркаклар учун эртаклар”, “Ёруғлик” (1986), “Аваз” (1987), “Бепарво бўлмоқчиман” (1990) каби роман, қисса, ҳикоялар китоблари босилиб чиқди.
Мустақиллик йилларида Саъдулла Сиёев “Яссавийнинг сўнгги сафари” (1993), “Ҳақиқат йўли” (1997) номли икки китобдан иборат тарихий роман, яна “Менинг хўроз қувганим” (ҳикоялар, ҳажвиялар, бадиалар, 2007), “Ёлғончининг рост сўзи” (ҳикоялар, хотиралар, 2010) каби китоблар яратди.
Л.Толстой, М.Зошченко, Л.Ленч, А.Арканов, Г.Горин каби рус ёзувчиларининг ҳикояларини ўзбекчга ўгирди.
Ўзининг ҳам бир қатор асарлари рус, қозоқ, қирғиз, тожик, турк ва бошқа халқлар тилларига таржима қилинди.
Саъдулла Сиёев "Меҳнат шуҳрати", "Фидокорона хизматлари учун" орденлари билан тақдирланган.