Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказишда янги чекловлар кучга кирди
Ўзбекистонда 1 майдан концерт-томошаларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланмоқда.
Коронавирусга қарши кўрилаётган янги чоралар театр ва концерт залларидаги ўринларнинг ярми бўш қолдирилиши, барча томошабинлар ниқобда бўлиши ва ижтимоий масофага риоя қилиши, биноларга киришда уларнинг ҳарорати текширилиши кераклигини кўзда тутади.
Бош вазир ўшанда апрель ойидаги концерт дастурлари учун чипталар сотиб бўлингани туфайли бу чекловлар 1 майдан кучга киришини қўшимча қилганди.
Боғча, мактаб, коллеж, лицей ва олий таълим муассасаларида коронавирус аниқланганида икки ҳафталик карантин жорий этилиши, биноларига киришда назорат кучайтирилиши, жамоат транспортида ўриндиқларнинг 50 фоизи бўш қолдирилиши, умумий овқатланиш шохобчалари сиғимининг 50 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳолатда фаолият юритиши лозимлиги белгиланган.
Сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда касалланиш ҳолатлари кескин кўпайгани кузатилди.
Бунинг ортидан Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд шаҳрида юзлаб боғчалар ва мактаблар фаолияти тўхтатилди.
Бутун республика бўйлаб кўплаб олий таълим муассасалари ёпилди.
Чекловларга қарамай одамлар кўчаларда тиббий ниқоб тақиш режимига риоя этмаяпти, жамоат транспорти одамлар билан тўла ҳаракатланишда давом этмоқда, кафелар ва ресторанлар ҳам аввалгидек гавжум.
Ушбу ҳафта Ўзбекистонда ўтган йил август ойидан буёнги илк рекорд кўрсаткич қайд этилди, илк марта кунлик касалланиш 400дан ошди.
Айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохоналарда даволанаётганлар сони 3100га яқин демоқда.