Ҳудудларга 1000 та тез тиббий ёрдам машинаси етказилади — Президент
Кеча Президент раислигида Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Унда касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, профилактикани кучайтириш, рақамлаштиришни кенгайтириб, қоғозбозлик ва коррупцияни кескин қисқартириш, электрон ордер тизимини ишга тушириш бўйича топшириқлар берилган.
Шунингдек, тиббий таълимни ривожлантириш, шифокорлар малакасини ошириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган.
— Соғлиқни сақлаш тизимига ҳар йили бир неча триллионлаб маблағ ажратилади, халқаро кредитлар жалб қилинади. Ушбу маблағлар самарасини ҳам аҳоли, ҳам давлат сезадиган тизим яратишимиз керак, — деб айтган Президент.
Бунинг учун ҳудудлар ва касалликлар кесимида сифат, миқдор кўрсаткичларини белгилаш, тажриба тариқасида уларни баҳолаш тизимини, энг аввало, онкология ва гематология йўналишларида жорий этиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, Президент мутасаддиларга 1 октябрга қадар ҳудудларга 1000 та “Volkswagen Caddy” русумли тез тиббий ёрдам машиналарини етказиш бўйича топшириқ берган.
Таъкидлаш жоиз, ҳозирда ҳудудларда 850 та хизмат муддатини ўтаган “Дамас” (8 йилдан ошган) тез тиббий ёрдам машинаси мавжуд, аҳоли сонидан келиб чиқиб яна 170 та янги тез тиббий ёрдам машинасига эҳтиёж бор -дейилган.