Қашқадарё далаларига қўшни Туркманистондан Марокаш чигирткалари ёпирилган
Қашқадарёнинг Нишон, Ғузор, Деҳқонобод туманларида қўшни Туркманистондан зарарли Марокаш чигирткаларининг катта тўдалари учиб ўтаётгани аниқланган.
Вилоятнинг Ғузор, Деҳқонобод, Қамаши, Нишон, Миришкор, Чироқчи ва Шаҳрисабз туманлари яйловларида 88,5 минг гектар майдонда чигирткаларга қарши кимёвий тадбирлар бошланган.
Илмий манбаларга кўра¸ чигирткалар бир кунда 70-80 километрдан 200 километргача масофани босиб ўтиш ва бир неча минг километргача учиб боришга қодир.
Туркманистон ва Ўзбекистон орасидаги асосан текисликлардан иборат ҳудудда бу зараркунандаларнинг тез ҳаракатланиши айтилади.
Чигирткаларнинг кичик тўдасида бир неча юз миллион ҳашарот бўлади.
БМТ Озиқ-овқат ташкилоти маълумотига кўра, чигирткаларнинг бундай галаси бир кунда 35 минг одам ейдиган озиқ-овқатни еб битиради.
Чигирткалар хуружи турмуш фаровонлиги асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳосилига боғлиқ бўлган Ўзбекистон каби давлатлар аҳолиси учун жиддий хатардир.
Масъулларнинг қайд этишларича, 10 июнга қадар ушбу зарарли чигирткаларга қарши самарали ишлар амалга оширилиб, бошқа вилоятларга кириб бормасидан йўқ қилинишига эришиш режаланган.
Бундан олдин Жиззахнинг Фориш тумани яйловларида ҳам чигиртка галаси аниқланганди.
Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирининг матбуот котиби Мурод Содиқов Ўзбекистонда зарарли чигирткалар билан курашиш мавсуми бошланганини маълум қилганди.