Россия Бош вазири Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилишга даъват этди
Россия Бош вазири Михаил Мишустин 22 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан Москвада бўлиб ўтган учрашувда Евросиё иқтисодий иттифоқи – ЕОИИга қўшилиш расмий Тошкент учун манфаатли бўлиши ҳақида гапирди. Ҳозирда Ўзбекистон Россия назоратидаги мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
Россия ҳукумати расмий сайтида маълум қилинишича, Мишустин: “Ишонаманки, Евросиё иқтисодий иттифоқида тўлақонли иштирок этиш ўзбек иқтисодиётининг ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратади ва Ўзбекистон фуқаролари учун сезиларли даражада фойда бўлади”, - деб айтган.
Мишустин ўз сўзида бу ташкилотга аъзо бўлган давлатлардан Россияга ишлаш учун келган муҳожирларга берилаётган имтиёзларни алоҳида таъкидлаган.
Айни пайтда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқи давомида: “Ишонаманки, бизнинг давлат раҳбаримиз амалга оширадиган ташриф доирасида ўзбек-рус ҳамкорлигининг асосий магистраль йўналишлари белгилаб берилади”, - деб айтган.
22 июнь куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишганди.
Ўзбекистон президентининг Москвага навбатдаги сафари 2021 йилга белгиланган. Бироқ бу сафар қачон амалга оширилишига оид аниқ муддат ҳозирча маълум эмас.