ТУҒИШ ЁШИДАГИ АЁЛЛАР ПОЛИВИТАМИН ТЕМИР ВА ФОЛИЙ КИСЛОТАСИ ПРЕПАРАТИ БИЛАН БЕПУЛ ТАЪМИНЛАНАДИ
Президентимизнинг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кичик ёшдаги болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ва болаларни йод, поливитамин темир ва фолий кислотаси препаратлари билан таъминлаш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Унга кўра, Президентимизнинг 2020 йил 10 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ:
6 – 23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
–6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болаларни “А” витамини билан;
–2 – 10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан;
–ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 – 15 ёшдаги болаларни йод препарати билан;
–35 ёшгача туғиш ёшидаги аёлларни поливитамин темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминлаш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинди.
Шунингдек, янги қарорга мувофиқ, 2021 – 2023 йилларда болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминланади.
Бундан ташқари, қарор бўйича болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёлларнинг профилактик махсус препаратларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш ва ушбу препаратларни тақсимлаш ҳамда етказиш тартиби ҳам тасдиқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.