33 ёшли беморда каминвазив усулда ўта мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими ривожлангани сари соҳада амалга оширилаётган юқори технологик мураккаб операциялар сони ортиб бормоқда.
Айниқса, бугунги кунда замонавий тиббиёт ютуқларидан самарали фойдаланиб, бемор танасига тиғ теккизмасдан ёки еичик кесмалар орқали бажариладиган операциялар, жарроҳликнинг каминвазив усуллари амалиётда кенг қўлланиляпти.
Хусусан, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилаётган ана шундай ноёб операциялар қанчадан қанча оғир беморлар саломатлигини тиклашга хизмат қиляпти.
Яқинда марказга Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшовчи 33 ёшли Н. Саидаҳмедова мурожаат қилган. Уни бир неча йилдан буён икки томонлама бел соҳасидаги оғриқлар қийнаб келаётган эди.
Уролог Асқар Раҳимбоевнинг айтишича, текширувлардан сўнг беморга пешоб йўллари ривожланишининг аномалияси, яъни тақасимон буйрак, икки томонлама пешоб найининг торайиши каби оғир ташхислар қўйилган.
Бундай ташхис бўйича беморда лапароскопик цистотомия, уретеропелвил сегмент лапароскопик пластика каби ўта мураккаб амалиётларни бажариш лозим, деб топилган. Беморнинг нисбатан ёшлиги инобатга олиниб, унинг буйрагини сақлаб қолиш мақсадида ушбу жарроҳлик операциялари ўтказилган.
Амалиёт вақтида махсус ускуналар ёрдамида пешоб найларининг торайган қисми пластика қилинди. Операция вақтида ва ундан сўнг ҳеч қандай асоратлар кузатилмаган.
Каминвазив жарроҳлик амалиёти бажарилгани учун бемор илк кунданоқ ҳаракатланиб, тўрт кундан сўнг уйига жавоб берилган.
— Авваллари бу турдаги операциялар очиқ усулда бажарилар эди, — дейди Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Шуҳрат Мухторов. — Баъзида эса беморнинг буйрагини олиб ташлаш ҳоллари ҳам кузатилган. Натижада улар кейинги умри давомида маълум чекловлар билан яшашга мажбур бўлган.
Ҳозир эса марказимизда бундай ўта мураккаб буйрак аномалиялари ҳам каминвазив усуллар ёрдамида самарали даволанмоқда. Яъни касалланган аъзони сақлаб қолган ҳолда даволаш имконияти мавжуд.