Сенат 2023 йил учун давлат бюджети тўғрисида қонунни маъқуллади
Мазкур қонун билан 2023 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2024–2025 йиллар учун бюджет мўлжаллари белгиланган.
Қонунга кўра, 2023 йилда мамлакат иқтисодиётида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 5,3 фоиз ва истеъмол нархлари индекси 2022 йилнинг декабр ойига нисбатан 9,5 фоиз миқдорида бўлишидан келиб чиқиб, бюджет параметрлари ҳисоб-китоб қилинган. Консолидациялашган бюджетнинг даромадлари 2023 йилда 310,7 трлн сўмни ҳамда харажатлар 343,2 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Қонун билан 2023 йил учун ҳукумат номидан ва давлат кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 4,5 млрд АҚШ доллари миқдорида этиб белгиланмоқда.
2023 йилги бюджет харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга) 257,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ташкил қилмоқда.
Бюджетда таълим соҳаси харажатлари 58,4 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 28,4 трлн сўм, маданият соҳасига 2,5 трлн сўм, спорт соҳасига 2,3 трлн сўм ва фанни янада ривожлантириш тадбирлари учун 2023 йилда 1,8 трлн сўм йўналтириш белгиланган. Ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишларини молиялаштириш учун 18,1 трлн сўм ажратилади.
Келгуси йилда жами 52 мингдан ортиқ даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун бюджет маблағлари ҳисобидан 1,1 трлн сўм субсидиялар тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар 36,7 трлн сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3,4 фоизни, жами харажатларнинг 14 фоизини ташкил этиб, бу маблағлар асосан томчилатиб суғориш, геологик қидирув ишларини ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ҳамда уй-жой коммунал хизматлари билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилиши режалаштирилган. «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида»ги қонун Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.