Улуғбек Қодировдан рол қандай қилиб Дадахон Обидовга ўтди? (видео)
Актёр Дадахон Обидов “Омон-Омон” кўрсатувида берган интервюсида бокс бўйича Олимпия чемпиони Баҳодир Жалолов ҳақидаги “Токиога йўл” номли бадиий фильмда бош рол унга қандай насиб этгани ҳақида очиқчасига сўзлаб берди.
Унинг айтишича, болалигидан боксчи бўлишни орзу қилган, бироқ оиласи бунга рухсат бермаган. Кейинчалик Жалолов ҳақидаги фильм суратга олинаётганини эшитгач, унда яна умид уйғонган.
“Кастингга бордим. Оператор, режиссёр ва ижодий гуруҳга ёқдим. Ҳатто "катта эҳтимол билан шу ролни сен ўйнайсан", дейишди. Мен ҳам ишониб, машғулотларни бошлаб юбордим. Аммо кейин бу ролни Улуғбек Қодиров ижро этадиган бўлди. Уни ҳурмат қиламан, лекин барибир бироз хафа бўлдим — чунки бу рол айнан менга насиб этиши керак деб ўйлагандим”, — дейди актёр.
Обидовнинг сўзларига кўра, фильмнинг 40 фоизи суратга олингани ҳақида айтилган пайтда у: «Нимага ишониб бундай дедим, билмайман, аммо қараб туринглар, бу ролни барибир мен ижро этаман», — дея ишонч билан таъкидлаган. Орадан кўп ўтмай, режиссёр у билан боғланиб, кутилмаган янгиликни маълум қилган.
“Бир куни телефоним жиринглади. Акром ака қўнғироқ қилиб, "шу ролни сен ўйнайдиган бўлдинг", дедилар. Ростини айтсам, бу мен учун жуда катта кутилмаган хушхабар бўлди”, — дея эслайди у.
Режиссёр ҳам ушбу жараён ҳақида фикр билдириб, бошида Баҳодир ушбу ролни Улуғбек Қодиров ижро этишини истаганини, бироқ ўзи Дадахон Обидов номзодини қўллаб-қувватлаганини айтди. "Айрим сценарий жиҳатлари бўйича тортишувлар ҳам бўлган, аммо якуний натижани кўриб, Жалолов қарордан қониқди", деди режиссёр.
Дадахон Обидов эса ролни қабул қилишдан олдин ҳамкасбига ҳурмат юзасидан қўнғироқ қилганини таъкидлади.
“Улуғбек акага қўнғироқ қилиб, "шу ролни менга ишонишяпти, розимисиз?"деб сўрадим. У киши жуда самимий жавоб берди: "Нега бундай дейсан? Мен мингдан минг розиман. Сен каби ёшлар катта ролларда ўсиб борса, мен фақат хурсанд бўламан", деб дуо қилди. Шундан кейин хотиржамлик билан суратга тушишни бошладим”, — дея сўзини якунлади актёр.
