Дунёда барча озиқ-овқат билан ўзини таъминлайдиган давлат қайси?
Жаҳонда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётган бир пайтда, айрим давлатларнинг ўзини ўзи тўлиқ таъминлай олиши алоҳида эътиборга лойиқ. Мутахассислар таҳлилларига кўра, дунёда фақат битта давлат — Гаяна барча асосий озиқ-овқат гуруҳлари бўйича тўлиқ мустақилликка эришган.
Қайд этилишича, ушбу еттита гуруҳга гўшт, сут маҳсулотлари, балиқ, крахмалли маҳсулотлар, дуккаклилар, ёнғоқлар ҳамда мева-сабзавотлар киради. Гаяна ана шу барча йўналишларда ички эҳтиёжни тўлиқ қондириб, импортга деярли эҳтиёж сезмайдиган камсонли давлатлардан бири ҳисобланади.
Бу эса мамлакатда қишлоқ хўжалиги тизими яхши йўлга қўйилгани, табиий ресурслардан самарали фойдаланилаётгани ҳамда ички ишлаб чиқариш барқарор ривожланаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон ҳам бу борада ёмон натижа қайд этмаяпти. Маълумотларга кўра, мамлакат бешта асосий озиқ-овқат гуруҳи бўйича ўзини ўзи таъминлай олади. Бу эса миллий қишлоқ хўжалиги салоҳиятининг юқори эканидан далолат беради.
Мутахассислар фикрича, озиқ-овқат мустақиллигига эришиш нафақат иқтисодий барқарорлик, балки миллий хавфсизликнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади. Шу боис кўплаб давлатлар ушбу йўналишда ислоҳотлар ва инвестицияларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
