Луис де ла Фуенте: Ламине Ямал ҳеч нарсани текинга олмайди
Испания терма жамоаси бош мураббийи Луис де ла Фуенте Барселона юлдузи Ламине Ямалнинг машғулотлардаги фидойилигини юқори баҳолади. 18 ёшли вингер 2026-йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида кунига уч соатдан ортиқ вақтини машғулотларга сарфламоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Де ла Фуентенинг таъкидлашича, Ямалнинг муваффақияти фақат табиий истеъдод билан боғлиқ эмас. Футболчи спорт залида, физиотерапевт, нутрициолог ва психолог назорати остида қаттиқ ишламоқда. Мураббий буни "кўринмас машғулот" деб атаб, футболчининг профессионал ёндашувини алоҳида эътироф этди.
Апрел ойи охирида мушаклари жароҳатланган Ямал айни дамда Барселона базасида майдонга қайтиш устида ишламоқда. Испания терма жамоаси штаби футболчининг тикланиш жараёнини диққат билан кузатиб бормоқда.
Мураббий Дани Олмонинг Евро-2024даги тажрибасига таяниб, Ямални Жаҳон чемпионатида эҳтиёткорлик билан майдонга тушириш режасини ҳам истисно этмади. Мақсад — вингернинг турнирнинг ҳал қилувчи босқичларида 100 фоиз тайёр бўлишини таъминлашдир.
