Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун яна 76 бемор соғайгани ҳақида маълум қилди. Эндиликда коронавирусдан тузалганлар сони 880 нафарга етди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Тошкент шаҳри, Наманган, Жиззах ва Хоразм вилоятларида коронавирусдан зарарланганларнинг навбатдаги гуруҳлари тузалиб, уларга жавоб берилгани ҳақида хабар қилди. Наманган вилоятида 4 нафар, Жиззах вилоятида эса 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар буткул соғайди. Улар вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Наманганда соғайганларнинг 1 нафари эркак, 3 нафари аёл, барчаси ушбу вилоятдан. Уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Энг ёши каттаси 66 ёшда, энг ёши кичиги 31 ёшда. Вилоятда шу пайтга қадар 57 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 61 нафарга етди. Жиззахдан тузалиб чиққан 33 ёшли ва 31 ёшли беморлар (эркак) жиззахлик бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан аввал 1 нафар фуқаро соғайиб чиққан эди. Эндиликда ушбу вилоятдаги коронавирусга чалинган барча беморлар тўлиқ соғайиб чиқишди. Тошкент шаҳридаги Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 14 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан эса 2 нафар бемор буткул соғайиб, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Андижон вилоятларидан эса 1 нафардан. Улардан 9 нафари Туркиядан Истамбул – Тошкент йўналишида, 3 нафари Россиядан Москва – Тошкент йўналишида, 1 нафари эса Сеул – Тошкент йўналишида чартер рейслар орқали келишган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Қолган 1 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 8 нафари эркак, 6 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 63 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 49 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 63 нафарга етди. Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайиб чиққан 53 ёшли ва 38 ёшли беморлар (аёл) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олишган. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 75 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 77 нафарга етди. Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 33 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Соғайганларнинг 30 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 29 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида олинса, Хоразм, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 5 нафардан, Бухоро ва Андижон вилоятларидан 4 нафардан, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 3 нафардан, Навоий, Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда. Хоразм вилоятидан айни пайтга қадар 61 нафар бемор буткул соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 94 нафарга етди. Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасидан ҳам 21 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Уларни республика соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Соғайганларнинг барчаси Қорақалпоғистондан (15 нафари Нукус шаҳридан, 4 нафари Мўйноқ туманидан, яна 2 нафари Қўнғирот туманидан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 9 нафари эркак, 12 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 64 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 5 ёшда. «Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида. Айни пайтга қадар Қорақалпоғистонда шу пайтга қадар 29 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 50 нафарни ташкил этмоқда. Бугун кун давомида 91 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 880 нафарни ташкил этмоқда.