Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (34-қисм)
Хуфияларнинг юзида табассум пайдо бўлди: “Шундай шарафли ишдан четда қолмаганимиз учун Оллоҳга беадад шукроналар айтамиз”, дейишди улар. Бироқ ҳаял ўтмай, жуфтакни ростлаб қолишди. Бу пайт ҳамма ўз иши билан овора эди. Халил мерган, Эрғози, Мулла Акбар ва шаҳзода душманга тунда ҳужум қилиш режасини тузиб чиқишди. Муҳаммад мирзонинг кўрган-билганлари асосида харита чизилди.
Кун шаҳзодани ниҳоятда толиқтирган эди. Шу боис маслаҳат охирлагач, дам олиб, волидаси билан гурунглашмоқ ниятида ҳужрага кирди. Уни кўриб Зебо билан бирга Фарвизнинг ҳам чеҳраси ёришиб кетди.
— Эшитишимга қараганда, — деди Зебо ўғлининг пешонасидан ўпиб қўяркан, — бугуннинг ўзидаёқ йўлга тушармишсиз.
— Ҳа, она, бошқа иложимиз йўқ. Чунки очиқ майдонда қароқчиларга қарши туролмаймиз. Тун — биз учун энг афзал фурсат. Уларни ғафлатда босган афзал. Биринчи ҳамладаёқ яксон қилмоғимиз лозим.
Фарвиз йигитнинг гапларини эшитаркан, бир қалқиб тушди. Кўз ўнгидан онаси, бошқа аёллар, отаси ўтди.
— Ҳамма қиличдан ўтказиладими? — сўради у ҳаяжонланганидан кўкси кўтарилиб тушаркан.
— Асир тушганларга тегинилмайди.
Фарвизнинг боши эгилди, киприклари пирпиради. Икки ўт орасида қолган қиз ҳатто йиғлашгаям ўзида куч тополмасди.
— Гарчи, — деди унинг аҳволини пайқаган шаҳзода, — дадангиз бизга ашаддий душман бўлса-да, шамширини ташласа, зиён етказмаймиз.
— Қайсар отам шу кунгача бировга бош эгмаган. Бир пайтлар қўрқмай шоҳнинг қўшинлари сафидан чиқиб кетган экан. У жон таслим этгандагина шамширни ташлар, эҳтимол.
— Ҳаммаси Оллоҳдан. Бизнинг зафар қозонишимиз ҳам, мағлуб бўлишимиз ҳам гумон. Шу боис ҳеч қайсимизнинг аза тутишга ҳақимиз йўқ.
— Аммо, — дея сўз бошлаган Фарвизнинг овози титраб кетди, — ҳар икки ҳолдаям мен азадорга айланаман. Ишқилиб, Худонинг қаҳрига дучор бўлмасайдим, деб қўрқаман.
— Қизим, — деб Фарвизни қучди Зебо, — биз аёлларнинг ҳамиша бошимиз эгик. Неки рўй бермасин, кўникишга мажбурмиз. Менинг бу ерларда юришимга сабаб — ўжарлигим. Ишонинг, отам ҳаётми, йўқми, ҳали-ҳануз билмайман.
Фарвиз энтикиб, аёлнинг кўксига бошини қўйди.
Мирзонинг кўнгли бузилди, Фарвизнинг қошида ўзини айбдор ҳис эта бошлади. Айни дамда ўзини оқлашга бир оғиз сўз тополмади. Қандай қилиб оқласин? Агар Фарвизнинг падари ўта кетган қонхўр, йўлтўсар бўлмаганида, унга қарши борармиди? Ҳеч қачон! Мирзо устозининг хунини олмоқчи эмас. Зеро, унинг онгига Аҳмад шайх ўч олиш гуноҳлигини сингдирган. Бироқ осойишталик, эркин нафас олиш учун қароқчиларга қарши жангга кириши шарт. Кўнглидан кечган ўйларни мирзо ичига ютди. Ҳозир ҳужрадан чиқиб кетиш унга маъқул кўринди. У бўсағани ҳатлаб чиқиши билан ўзини “отангман” деб таништирган Маҳмудга дуч келди.
— Ўғлим, кўзларинг киртайиб қолибди. Аёллар ўтирган жойда ҳам ҳаловат топмагандайсан. Яхшиси, омбор ёнидаги ҳужрага кир. Ҳам салқин, ҳам биров халал бермайди, — деди Маҳмуд меҳр билан шаҳзодага тикилиб.
— Раҳмат, ота, — деб жилмайди мирзо хиёл бошини эгиб, — ҳозир дам олишим ўринсиз.
— Лекин бошқаларнинг тақдири сенинг қўлингда, шу боис дам олишинг керак, болам.
— Хўп, айтганингизни қиламан.
Мирзо қаттиқ толиққан экан, ётибоқ ухлаб қолди. Тушида ёнига шайх Аҳмад келибди. “Оллоҳ сенга қувват бериб турган пайтда ухлашинг ножоиз. Тезда ўрнингдан тур-да, йўлга туш. Йўқса, душманнинг ўрнига сени ғафлат босади”, деб шайх ғойиб бўлибди.
Шаҳзода чўчиб уйғонди. Атрофига аланглаб, нималарнидир қидирди. Сўнгра ўрнидан туриб, ташқарига йўналди. Қуёшнинг ботишига бир терак бўйи қолган эди. Устозини қидириб топиб, ҳозир йўлга чиқиш лозимлигини айтди.
— Ҳали бироз бор-ку, — ҳайрон бўлди Халил мерган.
— Шошмасак бўлмайди. Одамларининг қайтмаганидан хавотирга тушган Маматғули жангга шайланиб келса ажабмас.
— Ҳа, манзилга барвақт етишнинг зиёни йўқ, чамамда. Мен дарҳол ҳаммани оёқлантираман.
Бир қарашда кўпдай, аммо бор-йўғи икки юз чоғли жангчилар йўлга тушишди. Зебо ўғлининг олдда кетаётганини кўриб, кўзи намланди. Эндигина топдим деганди, ҳали ҳидига ҳам тўймаганди ўғлининг. Дарров ажралиб қоладими? Бунча шўрпешона бўлмаса. Ёнгинасида турган Фарвизнинг аҳволи эса, уникидан-да оғир.
* * *
Айғоқчиларнинг хабарини эшитган Маматғули ўрнидан сапчиб туриб кетди. Кўзлари олайиб, қўллари мушт бўлиб тугилди.
— Жондор Али ютқазибдими?! — қайта сўради айғоқчилардан.
— Минг афсус, шундай, олампаноҳ, — жавоб қилди айғоқчилардан бири.
— Бунчалик фитна ёш боланинг бошига қайдан келди?! — ўкириб юборди Маматғули.
— Ҳазратим, Халил исмли бир зот бор экан карвонсаройда. Ўша Жондор Алининг мағлубиятига сабабчи эмиш.
— Халил мерган?! — бақирди пешонаси тиришиб кетган Маматғули.
— Шундоқ.
— Наҳотки у ҳалиям тирик бўлса?! Икки бор дуч келганман у нобакорга. Нурсултон шоҳнинг баҳодирларидан эди у. Аммо ўшанда уларни мағлуб этгандик-ку! Мен унинг оёғини яралагандим. Бошқа сарбозлар ихтиёрига ташлаб кетгандим. Ўлдиришолмабдими?!
Маматғули ёлғон сўзлади. У, ҳақиқатан ҳам, Халил мерган билан қиличбозлик қилган, аммо кучи етмай, қочиб кетганди. Қочаётиб мерганнинг оёғига камон ўқи санчилганини кўрганди. Лекин қайтиб боришининг имкони бўлмаган.
— Эндиги сафар менинг чангалимдан қутулолмайди. Иккимиз ҳам қаридик, — дея сўзлади Маматғули ўзига-ўзи гапиргандай, сўнг айғоқчиларга юзланди. — Даҳабошию юзбоши, саройнинг барча аъёнларига етказинг: жангга ҳозирлик кўришсин. Бугуноқ Аҳмад шайх маконининг кулини кўкка совурамиз.
Айғоқчилар чиқиб кетишди. Маматғули ёнига Тоғай лумбозни чорлади.
— Афсуски, Жондор Алидек паҳлавон фитна қурбони бўлибди, — деди Маматғули қўлларини қовуштириб. — Шу боисдан сўл қанот қўшинини сен бошқарасан. Аслида, Алининг бошини танасидан ўзим жудо этган бўлардим! — дея кутилмаганда бақириб юборди у. — Ярамас, шунча жангу жадал кўриб ҳам, фитнага дуч келадими?!
Маматғулининг беихтиёр шамширини қинидан суғурганини кўрган Тоғай лумбознинг юраги шув этиб кетди ва ҳайкалдай қотиб қолди.
— Хўш, — деди Маматғули Тоғай лумбозга қараркан, — эплайсанми?!
— Ҳазратим, амрингиз вожиб.
— Хушомадни боплайсан-да, эшак. Эвазига нима ҳадя этасан менга?
— Аввало, жоним ихтиёрингизда, олампаноҳ. Сўнгра ўша жиноятчининг бошини оёқларингиз остига келтириб ташлайман.
— Яхши. Ҳозир миямга бир фикр келди. Бутун бошли қўшинимизнинг бор-йўғи икки юз чоғли оломон билан жангга киришиши, бу — биз учун шармандали ҳол. Шу боис ўзингга аталган қўшин билан Аҳмад шайхнинг қароргоҳини вайрон этиб келасан. Бирорта ҳам соғ одам қолмасин.
— Амрингиз бош устига!
Тоғай лумбоз орқаси билан юриб, Маматғулидан узоқлашди.
Офтобнинг тиғи қайтди. Йўлга тушиш вақти етди. Тоғай лумбоз ўзига топширилган қўшинни тўплаб, йўлга тушганида, Муҳаммад мирзо жангчилари билан чўлнинг бир қисмини босиб ўтган эди.
* * *
Биёбоннинг тоққа туташ қисмидан икки чақирим берида қуриб қолган дарё ўзани бор эди. Бу ердан фақат қиш ва баҳор ойларида сув оқарди. Мирзо бошлаб кетаётган жангчилар шу ерга етганда Халил мерган тўхташни буюрди.
— Тўғридан бормайлик, — деди у шаҳзодага. — Ўзан бўйлаб тоққа етиш керак. Ундан нарёғига тоғ ёнбағирлаб юрамиз. Шунда узоқдан кўзга кўринмаймиз.
Мирзо унинг гапини эшитиб, ўзаннинг нариги тарафига ўтиладиган манзилга қаради. Ойнинг хира ёруғида тоғ элас-элас кўзга ташланарди.
Халил мерганнинг гапи маъқул тушди. Гарчи чор-атроф зимистон эса-да, ялангликда отларнинг дупури узоқларгача эшитиларди. Боз устига, Маматғули қўриқчи қўйган бўлиши ҳам мумкин.
— Сиз ҳақсиз, устоз, — деди шаҳзода Халил мерганнинг ёнига келиб, — тоғ ёнбағри анча қулайга ўхшаяпти.
Тоғай лумбоз қўшини ҳам бу пайтда айнан ўша жойга от тортиб келаётганди. Кундуз куни рақиблар, албатта, бир-бирларини кўрган ва шу жойдаёқ қирғинбарот бошланиб кетган бўларди. Халил мерганнинг мудом тадбир қўллаб, режа тузиб келаётгани, ҳар қадамни мўлжаллаётгани хавфли тўқнашувнинг олдини олди.
Улар тоққа етганларида ой хийла кўтарилган, совуқ эпкин эсмоқда эди. Олдинги қатордагиларнинг диққати ошган, улар орасида манзилга қанча қолганини биладиганларнинг кўнгилдаги ҳаяжони ортиб борарди. Шу боисдан ҳам, сойликдан ўтгач, энтикиб нафас олишди. Шу тариқа саккизта сойлик ортда қолди. Тўққизинчи сойликнинг нариги томонига ўтганларидан сўнг, қалин дарахтзорлар орасида шуъла кўринди. Муҳаммад мирзо отнинг жиловини тортиб, ёруғлик чиққан тарафга синчковлик билан назар солди. Унинг ёнига Халил мерган келди.
— Режамиз бўйича, — деди мирзо безовталанаётган отининг жиловидан тортиб, — қўққисдан ҳужум қиламиз. Назаримда, қўриқчилардан бошқа ҳамма уйқуда. Аввал сарой эшигидагиларни гум қилиш керак. Кейин бир қисмимиз ичкарига, бошқалар сарбозлар ётган уйларга бостириб киради. Лекин сездирмай ҳужум қилишимиз лозим. Мен саройга ёпириладиганларни бошлаб бораман. Қолганлар сиз тан.
— Маъқул, — деди Халил мерган. — Унда савдогар йигитларнинг ярмини сиз олинг. Ҳар қалай, саройдагилар сараланган бўлади. Тошвой ҳам сизнинг ихтиёрингизда бўлгани маъқул. Бош қароқчи йўқ қилинса, илоннинг боши янчилгани. Фақат тезкорлик зарур, токи улар ўзларини ўнглаб олишга улгурмасин. Қани, омин, Худонинг ўзи мададкор бўлсин!
Юзларига фотиҳа тортилгач, мирзо ўзига тегишли сарбозларни ажратиб олиб, улар билан пастликка эна бошлади. Бироз юриб, дарахтзорга дуч келишди. Шу ерда отларидан тушишди. Мирзо тўхтаб, ортига ўгирилиб, жангчиларини бирма-бир кўздан кечирди-да, қўли билан “олға” ишорасини қилди. Улар саройгача писиб келишди. Кейин бир муддат эмаклаб, дарахтзор билан дарвоза оралиғидаги масофага йигирма қадамча қолганида, шаҳзоданинг ишораси билан ҳамма тўхтади.
— Камончилар, бошланг! — деди у шивирлаб. — Ўқларинг хато кетмасин, йўқса, шовқин кўтарилади.
Дарвоза ва девор тикланганидан бери ҳали бу ерларга ёв доримаган, девор тепасида қўриқчи ҳам йўқ эди. Фақат дарвоза тагида олов ёқиб, икки посбон бир-бирига суяниб ухлашар, яна иккитаси у ёқдан бу ёққа бориб келарди. Улар гулхан ёнига келиб, ортга ўгирилган пайтда дарахтзор ичидан отилган пайконлар ҳар иккисининг бўйнига санчилди. Бақиришга ҳам улгурмаган қўриқчилар ағдарилган қопдек гупиллаб қулашди. Шу заҳоти дарахтзор орасидан чиққан жангчилар ҳаш-паш дегунча олов тафтидан лаззатланиб, хуррак отаётган қўриқчиларни гумдон қилишди. Мирзо дарвозага қапишиб, ичкарига қулоқ тутди, сўнг секин дарвозани итарди. Ошиқ-мошиғи занглаб қолган дарвоза табақаси ғийқиллаб кетди. Тез-тез қўриқчилар кириб чиққанлари боис, ичкаридагилар учун бу одатий ҳол эди. Шу боис ичкаридаги соқчилар эътиборсиз бўлишди. Бостириб кирганларни кўришганида эса, кеч бўлган эди. Кетма-кет бешта соқчи камон ўқининг қурбонига айланди.
Мирзо йигитларининг асосий қисмини саройнинг махсус қўшинлари ётадиган уйга жўнатди. Ўзи қолганлар билан сарой эшигига яқинлашди.
(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)
Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (1-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (2-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (3-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (4-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (5-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (6-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (7-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (8-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (9-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (10-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (11-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (12-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (13-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (14-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (15-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (16-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (17-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (18-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (19-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (20-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (21-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (22-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (23-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (24-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (25-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (26-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (27-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (28-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (29-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (30-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (31-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (32-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шаҳзода” (33-қисм)