Болгария прокуратураси ҳарбий объектлардаги портлашларда россияликлардан гумон қилмоқда
Болгария прокуратураси мамлакатда юз берган туркум портлашларга Россия фуқароларининг эҳтимолий алоқадорлигини текширади. Хуруж мақсади Грузия ва Украинага жўнатишга мўлжалланган ўқ-дорилар бўлган бўлиши мумкин. Тахминий қўпорувчилик амалиётлари камида 2011 йилдан 2020 йилга қадар бўлиб ўтган. Бу ҳақда прокуратура вакили 28 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
“Юксак ишонч билан хулоса қилиш мумкинки, Россия фуқароларининг хатти-ҳаракатлари махсус юкларнинг Грузия ва Украинага етказиб берилишига чек қўйишга қаратилган эди”, дея иқтибос келтиради Бош прокуратура вакили Сийка Милевадан “Озодлик”нинг болгар хизмати.
Аввалроқ қурол-аслаҳа савдоси билан шуғулланган маҳаллий тадбиркор Емельян Гебрев суиқасдида Россия фуқаролари — РФ Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси (БРБ — ГРУ) жосусларининг қўли бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди.
Тергов идораси 2011 йил 12 ноябрида Гебревнинг EMCO ширкатига қарашли қурол-аслаҳа омборида юз берган портлашга Россиянинг алоқаси бор-йўқлигини ўрганмоқда. Мазкур омборда Грузияга жўнатиш мўлжалланган моллар сақланаётган эди.
2015 йилнинг март ва апрель ойларида мамлакат марказида жойлашган Иганова шаҳридаги ҳарбий завод омборларида кетма-кет иккита портлаш рўй берган. Болгария иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, у ерда ҳам EMCO ширкатининг юклари бўлган.
2015 йилнинг 31 майида эса Софиядаги собиқ Махсус техника институти биносида ёнғин чиқиб, Игановодаги портлашларга оид тергов материаллари ёниб кетган. 2020 йилда Миглижа шаҳри яқинидаги “Арсенал” заводи омборида портлаш юз берган.
Болгария прокуратурасининг баёноти Чехия бош вазири Андрей Бабиш 2014 йилнинг октябрида Врбетицедаги ҳарбий омборлар портлашида Россия разведкасини расман айблаганидан 11 кун ўтиб янгради.
Чехия махсус хизматлари тахминига кўра, операцияга ГРУнинг юқори лавозимдаги зобитлари аралашган бўлиши мумкин, генерал Андрей Аверьянов эса операцияга шахсан раҳбарлик қилгани иддао қилинади.
Чехия ГРУ зобитлари деб тахмин қилинаётган Александр Мишкин ва Анатолий Чепигаларни портлашларга алоқадорликда гумон қилиб, қидирувга берган. Лондонда ГРУ кадрлар бўлимининг собиқ бошлиғи Сергей Скрипаль ва унинг қизига қилинган суиқасдда ҳам бу иккисидан гумон қилинади.
Гебревнинг жонига қасд қилинишида ҳам уларнинг қўли борлиги айтилмоқда — тахминларга кўра, болгар савдогари, Скрипаль каби, қўллаш тақиқланган кимёвий қурол ҳисобланадиган “Новичок” моддаси билан заҳарланган.
Россия ўз фуқароларининг портлаш ва ёнғинларга дахли борлигини рад этмоқда. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу мавзуда изоҳ бераркан, “Эрцгерцог Фердинанднинг ўлдирилишида бизни айблашмаётганига ҳам раҳмат”, деб заҳарханда қилганди.