YouTube Туркманистон давлат ОАВ шикоятлари ортидан Eurasianet хабар агентлиги каналини блоклади
YouTube Туркманистон давлат оммавий ахборот воситалари муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақида шикоят қилиши ортидан Марказий Осиё, Кавказ ва Россиядаги ҳодисаларни ёритиб келаётган таниқли Eurasianet АҚШ ахборот ташкилотига тегишли канални четлади.
Eurasianet сайтининг маълум қилишича, Google ширкатига тегишли YouTube жорий ҳафтада бир неча нечта огоҳлантириш юборган, сўнгра канални бутунлай блоклаган.
YouTube муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги шикоятларни Туркманистон Телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитасига тегишли Watan Habarlary расмий телеканали юборганини билдирган.
Eurasianet бош муҳаррири Дэвид Триллинг сайт қарор устидан шикоят қилиш учун YouTube ходимлари билан алоқага чиқа олмаётганини айтди. Триллинг асосан инглиз ва рус тилларида материал чоп этиладиган Eurasianet веб-сайти, шунингдек, YouTube платформаси Туркманистонда блокланганини қўшимча қилди.
«Бошқа барча ижтимоий тармоқлар каби, [YouTube] Туркманистонда блокланганини эътиборга олсак, бу кулгили ҳолат», деди у Озодликка берган интервьюсида.
Триллингнинг сўзларига кўра, нашрнинг YouTube каналида бир неча минг обуначи бўлган. Каналда Туркманистон давлат телеканалининг тунги янгиликларидан олинган қисқа лавҳалар улашилган. Сўнгра бу видеолар Туркманистон ҳақидаги веб-мақолаларга жойлаштирилган. Нашр видеолавҳаларни инсофли фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар асосида YouTubeга юклаган. Қолаверса, Eurasianet лавҳаларга изоҳ бериб, уларни бойитган.
Озодлик Туркманистоннинг Вашингтондаги элчихонасига юборган электрон почта хабарига жавоб олмади. Озодлик YouTube шикоятлар электрон почта манзилига юборган хабар ҳам жавобсиз қолди.
Eurasianet YouTube томонидан муаллифлик ҳуқуқларини бузишда айбланган Туркманистондаги ҳодисаларни ёритиб келган илк хорижий нашр эмас. Май ойида Австрияда туриб фаолият юритадиган мухолифат гуруҳига тегишли «Хроника Туркменистана» нашрининг YouTube канали ҳам Туркманистон давлат матбуотининг шикоятлари ортидан блокланганди.
Дунёнинг энг ёпиқ давлатларидан бири бўлган Туркманистонда барча оммавий ахборот воситалари қаттиқ назорат қилинади. Интернетдан фойдаланишга кескин чекловлар қўйилган. Давлат оммавий ахборот воситалари асосан мамлакат президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳақида контент ҳозирлайди.
Триллинг Eurasianet нашри YouTube ўрнига Vimeo платформасига ўтишни режалаётганини билдирди.
Кейинги пайтда АҚШ технология ва ижтимоий медиа ширкатларининг қудрати ҳақида саволлар ортиб бормоқда.
Танқидчилар айрим йирик технология компаниялари, масалан, Facebook, Twitter, Google ва Apple авторитар ҳукуматларнинг талабларига бўйсунаётганини айтишмоқда. Хусусан, бу ширкатлар ҳукуматни шарманда қилиши мумкин бўлган маълумотларни цензура қилишга ҳозирлигини кўрсатган.
Ўтган ой Россия парламентининг қуйи палатасига сайловлар арафасида мухолифатчи Алексей Навальнийнинг «Умное голосование» иловаси Apple ва Google Интернет-дўконларидан ғойиб бўлди. Telegram мессенжери ҳам сайлов олдидан Навальний билан боғлиқ баъзи маълумотларни ўчириб ташлади.
Apple ва Google ширкатларининг Россия ҳудудида маҳаллий ходимлари бор. Россия расмийлари агар ширкатлар Навальний иловасини ўчирмаса, уларнинг Россиядаги ходимлари жавобгарликка тортилишини айтиб, таҳдид солишди.
Туркия ва Ҳиндистон сингари бошқа давлатлар ҳам баъзи сиёсий нутқларни ўчиришга ёки цензура қилишга чорлаб, технология ширкатларига босим ўтказиб келади.
Колумбия университети қошидаги Ҳарриман институтида очилган Eurasianet нодавлат, нотижорат ташкилот бўлиб, «Очиқ жамият жамғармаси», «Демократия учун миллий жамғарма» ҳамда Британия Хорижий ҳамдўстлик ва тараққиёт бюроси грантлари ҳисобидан молиялаштирилади.