АҚШда бир суткада 500 минг кишида коронавирус аниқланди
АҚШда бир суткада 500 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди, бу қарийб 2 йилдан бери давом этаётган пандемия даврида қайд этилган катта рақамдир.
The New York Times нашрининг хабар қилишича, чоршанба куни 488 мингдан ортиқ одамда вирус аниқланган эди.
Инфекция юқтириб олганлар сонининг бу қадар тез ошишига сабаб, юқувчанлиги юқори бўлган "омикрон" штаммидир.
Ҳозирда вируснинг кенг тарқалиши аксар Европа давлатларида ҳам кузатилмоқда. Буюк Британияда, аҳоли сони АҚШдан 6 маротаба оз, сўнгги суткада қарийб 200 минг, Францияда 200 мингдан ортиқ одам инфекцияга чалинди.
Аммо, "омикрон" штаммидан ўлим ҳоллари ошаётгани йўқ.
Ҳозир дунё бўйлаб бир суткада ўртача 1 миллиондан ортиқ одамда коронавирус аниқланмоқда, ўлим ҳолатлари эса бир неча минг атрофида.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўз ҳафталик ҳисоботларида коронавируснинг “Омикрон” штаммини юқтириш хавфи юқорилигича қолаётганини маълум қилган.
Дастлабки хулосаларга қараганда, энг юқумли деб ҳисобланишига қарамасдан “Омикрон” штамми, “Дельта” штамми билан таққосланганида, беморнинг касалхонага тушиши хавфини 30-70 фоизга камайтиради. Бироқ ушбу штамм тез тарқалаётгани ҳисобига шифохоналар тўлиб-тошиши эҳтимоли юқорилигича қолмоқда.
“Омикрон” штамми илк бор ноябрь ойида Африка жанубида аниқланган эди.