Саакашвили Грузияда ҳибсга олинди – бош вазир Гарибашвили
Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили 1 октябрь оқшом вақти шошилинч брифинг чақириб, мамлакатнинг учинчи президенти Михаил Саакашвили ИИВ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг қўшма амалиёти натижасида ҳибсга олинганини маълум қилди.
Гарибашвилига кўра, грузин махсус хизматлари собиқ президентнинг Украинадан Грузияга сафари давомида уни кузатиб туришган.
Саакашвилининг ҳибсга олиниши 1 октябрь куни эрталаб Михаил Саакашвили ростдан ҳам Батумида бўлгани ҳақидаги ахборотни тасдиқлайди: унинг ўзи шаҳарда видеоролик суратга олиб, интернетда ёйинлаган эди.
У мамлакатга қандай киргани ҳануз маълум эмас. Саакашвили саккиз йил чет элда яшаб, Грузияга қайтган.
Сиртдан ҳукм
Грузиянинг ислоҳотчи собиқ президенти ватанида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш айблови билан Тбилиси суди ҳукмига кўра сиртдан уч ва олти йилга озодликдан маҳрум қилинган, дея хабар қилмоқда Озодлик радиоси рус хизмати мухбири Георгий Кобаладзе.
Аввалроқ Михаил Саакашвили мамлакатда унга нисбатан жиноят ишлари бўйича ҳукм ўқилганига қарамай Грузияга қайтгани ҳақида хабар берилган эди.
Саакашвилининг Фейсбук саҳифасида ёйинланган видеода у Батуми шаҳрига етиб келганини билдирган. Собиқ президент фуқароларни 2 октябрь куни сайловда қатнашишга, сўнгра Тбилиси марказида тўпланишга чақирмоқда.
Сўнгги йилларини Украинада кечирган Саакашвили аввалроқ Грузияга маҳаллий ҳокимият органларига сайлов ўтказиладиган 2 октябрь санасида, оқшом вақти етиб боришини айтган эди.
Сайловлар
Шанба куни Грузияда муниципал сайлов бўлиб ўтади, унда Тбилиси мэри ҳам сайланади. Ҳозирда шаҳар маъмуриятига иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси раиси Каха Каладзе раҳбарлик қилмоқда. Амалдаги мэрнинг рақиби эса мухолифатдаги “Ягона миллий ҳаракат” партияси номзоди Ника Мелиядир. Ушбу партияга Саакашвили асос солган.
Михаил Саакашвили ўз видеомурожаатида сайловдан сўнг тузилажак ҳукуматда бирон лавозимни эгаллашга талабгор эмаслигини урғулаган.
Европа кенгаши воситачилигида эришилган келишувга кўра, агар иқтидордаги “Грузия орзуси” партияси партиялар рўйхати бўйича 43 фоиздан кам овоз олса, мамлакатда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилиши керак.
Аммо иқтидордаги партия кейинчалик бу битимдан чиққан. Мухолифат етакчилари, жумладан Михаил Саакашвили, агарда ҳукумат натижаларни сохталаштиргани ўртага чиқса ва қайта сайлов кунини тайинламаса, тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланиб, юз минглаб тарафдорини кўчага олиб чиқишларини айтиб, огоҳлантирганлар.