Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)
Итнинг ҳарсиллаб нафас олган овози эшитилди. Тўхтадим, ортимга ўгирилдим. Ҳа-а, анча яқинлашиб қолган экан. Яна тўрт-беш қадам ташлар-ташламасимдан етиб оларкан. Вақтида тўхтабман. Ўқ уздим. Бу сафар бир донагина. Ит сакрашга улгурмади. Ўқим нақ бошидан тегди. Жуда тез югураётган экан, икки марта умбалоқ ошди ва бирдан жон таслим қилди. Унга нафрат билан қараб қўйганимдан кейин югуришда давом этдим.
Аниқки, ортимдан келаётганлар сергак тортишган. Очиқчасига қувиб келишмайди. Сабаби, менда автомат бор. Қочаётган одам бировни аяб ўтирмайди. Аввало, унга жони муҳим. Қўққисдан отиб қолсам кўрадиганини кўради. Шу боисдан қуваётганлар олди-орқаларига қараб қувишади-да. Шунинг билан бирга менга билиб-билмай жуфтакни ростлашимга имконият яратишади.
Лекин нега сира қулайроқ жойга дуч келмаяпман. Ҳали замон сўнгги чизиққа етиб қўяман. Наҳотки сойликка тушадиган… Шошма, энг қулайи мана шу буталар билан қопланган эниш-ку. Ялангликда ҳаммага ўзимни кўрсатиб қочаманми?
Яна тўхтадим. Ортимга қарадим ва секин пастликка эна бошладим. Буталардан ташқари, аллақандай дарахтлар ҳам ўсган экан. Тепадан қарасангиз, пастдек кўринади. Аммо ёнига борсангиз, бўйи камида уч-тўрт қулоч келади. Яна ердан чиқишдаёқ шохлаган. Ортига ўтиб яшириниш осон. Шунингдек, бундан бу ёғига ҳовлиқиш ярамайди. Тепадан қараганлар осонгина топиб олишади. Чунки истайманми-истамайманми, буталарнинг шохини қимирлатаман. Нафас ростлашим керак. Кейин ақлга суяниб, ҳаракат қиламан.
Бурним оқди. Енгимга артмоқчи эдим, қандайдир қўланса ҳид юзимга урилгандай бўлди. Афтимни бужмайтириб, ерга оҳистагина тупурдим.
Тепада қадам товушлари эшитилди. Ветков сўкинди.
— Узоққа қочиб қутулолмайди. Юз метрдан кейин кенглик келади. Ҳамманг ёйилиб юр, эҳтиёт бўл! — деди капитан сўкинишнинг ортидан.
— Ўртоқ капитан, сойликка тушиб кетганга ўхшайди! — деди аскарлардан бири.
Шу заҳоти юрагим музлади. Қулт этказиб ютиндим.
— Ўртоқ майор, вертолётга хабар бериш керак! Буталар жудаям қалин!
Ветков рация орқали алоқага чиқди. Демак, ҳали-замон вертолёт ҳам пайдо бўлади. Ана ундан кейин ҳаммаси тугайди. Ҳаммаси. Қочмаганимда барча айб Муроднинг бўйнига юкланарди. Бир киши азобланарди. Энди эса… Ҳеч нимани ўзгартириб бўлмайди. Ҳеч нимани. Олдимда иккита йўл қолди. Бири ўз ихтиёрим билан таслим бўлиш, иккинчиси жонимга қасд қилишим. Лекин на униси ва на буниси менга тўғри келади. «Мен ўлиш ва ёки абгор бўлиш учун жонимни хатарга қўйиб, заҳри қотил ишқибозларининг бор-йўғи иккитасини даф қилмадим. Олдимда ҳали қиладиган ишларим жудаям кўп. Шундай экан, осонгина таслим бўлмайман!» дея қатъий қарорга келиб, секин ўрнимдан турдим-да, икки қадам босишимни биламан, тепадан биттаси қичқирди.
— Ана у!
Этим музлади. Шу заҳоти қотдим. Автомат тариллади. Кўзимни чирт юмдим. Ўқлар вужудимни илма-тешик қилиб ташлашини кутдим. Аммо ундай бўлмади. Ҳаттоки ён-атрофимдаги буталарнинг шохлари ҳам қимирламади. Лекин ҳар ёқларда қушлар патиллаб қолди. Секин бошимни буриб, юқорига қарадим. Бақирган, отган кўринмайди. Унинг қаёққа қараб турганини билмайман. Билганимдами? Билганимдами? Ўтириб олардим. Қимирламасдим. Шошма. Ҳозир ҳам шундай қиламан.
— Югур! Тегди!
— Қуроли бор!
— Эҳтиёт бўл! Секин-секин боринглар!
— Аниқ ўлди! Ағанаганини кўрдим!
Кулдим. Бошқа ёққа отибди. Эшаклар бу ёқда кўпга ўхшайди. Биттасининг шўрини қуритишибди-да.
Мен оҳиста энгашганча бирорта ҳам бутанинг шохига тегиб кетмасдан пастликка эна бошладим. Энгашиб юриш, пастликка тушиш унақанги муаммо эмас. Аммо устимга бадбўй ҳид ўтириб қолганга ўхшайди. Зўрға чидаб кетяпман. Ўзи азалдан ҳидни сезувчанман. Салгина нохуш ис дарров бурнимга урилади. Кейин ундан қутулолмай қийналиб юраман.
Анча нарида бақир-чақир бўлди. Демак, улардан узоқлашибман. Аммо ҳали сойнинг энг пастигача тушганимча йўқ. Ишқилиб, анави вертолёти келиб қолмасин. Тепадан дарров топиб олади… Пастлашганим сайин кўм-кўк майсалар кўпайди. Тез-тез сирпаняпман. Лекин ҳали йиқил… Мана, йиқилдим. Аниқроғи, орқам билан ерга ўтириб қолдим ва пастликка шитоб билан сирпаниб кетдим. Кўзим олайган, қўлимни олдинга қилиб олганман, музда тўхтолмасдан, ўзингни бошқаролмай сирпаниш мумкин, лекин майса устида бундай «сайр»ни биринчи марта кўриб туришим. Яна эниш борган сари қиялашяпти. Демакки, ҳали-замон жарликка тушиб кетсам ҳам, ажаб эмас. «Менинг ортимдан қувишнинг ҳожати йўқ, шундоқ ҳам ўлимга кетяпман», дея хаёлимдан ўтказдим ва бирдан кутилмаганда қаршимда турган харсангга кўзим тушди. Оёқларимни кўтардим ва бориб тошга гурсиллаб урилдим. Агар этигим бақувват бўлмаганида эди, аниқ оёқларимни синдириб олардим. Шундоқ ҳам ўзи зирқираб кетди. Орқамни-ку, сўраманг, бир нарса бўлиб кетди. Ҳаттоки шимим йиртилган бўлса, ажабланмайман. Лекин ўлмаган қул ҳаммасига чидаркан, озгина белимни ушлаб ётганимдан сўнг секин ўрнимдан турдим. Алам билан юқорига қарадим. Ҳали-ҳамон у ёқдан шовқин келиб турибди. Кимдир кимнидир сўкяпти. Албатта, одам деб эшакни отиб қўйганидан кейин сўкади-да. «Баттар бўлинглар», дедим ичимда ва бироз оқсоқланганча харсанг тошни айланиб ўтиб, янада қуйига кетдим. Кўп қолмаган экан. Узоғи билан ўн-ўн беш қулоч. Агар тош бўлмаганида тўғри сой тубидан оқаётган ирмоққа келиб тушарканман. Ҳар қалай, ўлмас эканман.
Дарров юз-қўлимни ювдим. Бир неча марта қўлларимни ҳўллаб, кийимларимни сийпаб ташладим. Бадбўй ҳид кетсин дедим. Ҳақиқатан ҳам, кетгандай бўлди. Кейин оқим бўйлаб ирмоқча лабидан югурдим. Муздай шаффоф сув мени анча тетиклаштирган эди. Аста-секин қадамим тезлашди.
Мен режамни қисқа фурсатда ўзгартирдим. «Ҳамсоя»никига ҳозир ўтмайман. Ўтишга бўлган уринишим аниқ фалокат. Чунки ортимдан қуваётганларнинг бари шу ёққа қочади, деб ўйлашди. Аввал аксини қўллаб, кейин шу томонга кетаман. Фақат бошқа йўлдан. Ахир қўшнилар билан ярим қулоч масофада чегарадош эмасмиз-ку.
Мия фикрлаш билан банд. Оёқ югуриш билан. Иккала қўлим ҳам тинимсиз олдинга бориб келяпти. Кўзларим сергак. Оёқ остидан тортиб, ҳов тепагача масофани узлуксиз кузатяпти. Қулоқ динг. Ўзимнинг оёқ товушлариму ҳансираб нафас олишимгача — ҳамма-ҳаммасини тоифаларга ажратиб, даражаларга бўлиб боряпти. Тўғрироғи, турибди. Лекин, назаримда, у ҳам жисмоний меҳнат қилаётгандай.
Йигирма дақиқача югурганимдан кейин итнинг ҳуришини эшитдим ва таққа тўхтадим. Беихтиёр энгашдим. Овоз келган томонга диққат билан қулоқ солдим. Ит яна бир неча марта ҳурди. Ҳуришига ҳансираш аралашган. Бундан чиқди жонивор югуриш асносида ҳуряпти. Ҳуриш анча олисда. Демак, майор бош, бошқалар бош айбдорни тутиш учун Ветковга ёрдамга ошиққан.
Қаддимни ростладим. Буни қарангки, бахтим бор экан. Шамол рақибимга айланган сафдошларим томондан эсмоқда эди. Аммо бундан бу ёғига ирмоқ бўйлаб югуришим бўлмайди. Сўл томонга, тоққа чиқишим керак. Шунда қуваётганлар ўнг томонимдаги тоғдан мени кўрмай ўтиб кетишади.
Бировлар «Юқорига чиқиш машаққат», дейди. Тўғри, машаққат, лекин у тушишга нисбатан анча хавфсиз.
Тепага чиқдим. Сўнг нариги тарафга ўтдим-да, югурдим.
Муроднинг «ини»ни қўриқлаётган йигит юравериб чарчаган, шекилли, ёнбошлаб, «тутаётган» экан. Ундан анча наридан, ўша «яшил» ва «қизил»лар юрадиган йўлдан оёғимнинг учида юриб ўтдим.
Тез фикрлаш, қарор чиқариш баъзан узоқ ўйлаб, бир қарорга келганингдан омадлироқ бўлади. Ишонасизми, менинг капам ёнига бирорта ҳам қоровул қўйишмабди. Менимча, бу ерга қайтиб келишим уларнинг тушига ҳам кирмаган бўлса керак.
Капада яшашим учун, ҳар қалай, уч-тўрт кун, ҳамма нарса бор. Бундан ташқари, дурбин, ўқ, қалин кийим ҳозирлаб қўйилган. Барини қопга яхшилаб жойладим. Яна бир хаёл Жалолиддин ва Бахтиёрнинг «уйи»га борсамми, деб ҳам ўйладим. Агар уларнинг ҳам нарсаларини олволсам, анча «тўқ» бўлиб олардим-да. Лекин шу ёғига ҳам шукр.
Тоққа чиқиб кетдим. Бу ерларни жуда яхши биламан. Шу боисдан ҳам сира қийналмасдан, ялангликка, катта қоянинг ёнига бориб тўхтадим. Аслида, тўхтамоқчи эмасдим. Қояни ошиб, ўтиб кетмоқчи эдим. Чунки ҳар лаҳза айни пайтда менга олтиндан ҳам қиммат. Тўхташимга эса вертолёт сабабчи бўлди.
У анча наридан учиб кетяпти. Сойликнинг тепасидан. Мен билан оралиғи бир километрча бор. Кўрмаган бўлса керак. Кўрганида парвозни мен томонга бурган бўларди. «Буларга ҳамиша, ҳамма нарса топилади. Исташса, тамом. Истаклари расвонинг расвоси бўлса ҳам йўқ жойдаги имкониятлар қилиб берилади», дея кўнглимдан ўтказарканман, дурбинни кўзимга тутиб вертолётни кузатдим. «Темир қанотли қуш» шитоб билан тепасидаги шохларини гир айлантирганча мен «йўқолган» томонга учмоқда эди. Боради, у ёқдагилар билан келишади. Ана ундан сўнг кузатувни бошлайди. Бундан чиқди, жаноб Жасурбек, қўшниникига ўтишга шошилмай туринг. Нафас ростланг, ит ҳам тополмайдиган бирор жойни топинг ва шу ерда дам олинг-да, кеч тушишини кутинг. У ёғига Худо пошшо.
Амру фармонимга итоат этиб, вертолёт кўздан ғойиб бўлишини кутдим. Кейин секин ўрнимдан турдим-да, қоя тошнинг устига чиқдим. Кўнглимдагидай, учар темир ўша жойга қўнди. Қани эди у қайтиб учмаса, ваҳима солмаса. Аслида, ваҳима деган нарсанинг ўзи йўқ унда. Биргина бўғиқ, қўполдан-қўпол овозини ҳисобга олмаганда, албатта. Лекин мени топиб олиши мумкин-да. Айниқса, мана бунақанги қип-яланғоч қоя тош устида турганимни кўришса, дарров топиб олишади. Эҳтимол, тириклай ушлаш буюрилмагандир. «Кўрган жойларингда отиб ташланглар!» дейишгандир. Ана унда аҳвол чатоқ. Энг яхши усул — ғўддаймасдан эртароқ бу ердан қорамни ўчириш.
(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)
Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)