Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (51-қисм)
Навбаҳор кечгача хафа бўлиб юрди. Юпатишга қанча уринмай, сира фойда бермайди. Майли, фойдаси тегмаса ҳам бироз гапирсайди. Гапирса, сал енгил тортаман. Аммо у миқ этмаяпти. Мени қийнагандан-қийнаяпти. Додлаб юборгим келади…
Кўрпачага узала тушиб ётиб олдим. «Ҳеч нима керак эмас. Бораман-у, ўзимизникиларга асир тушаман. Тамом. Шундай қилмасам, мени деб куйганлар сони кўпайса, кўпаядики, камаймайди», дея ўйладим.
Навбаҳор ёнимга ўтирди. Қўлимдан ушлади. Кўксига қўйди. Шунда унинг юрак уришини ҳис этдим.
— Бошқа жойга кетамизми? — деди у майин овозда.
Мен кўзимни очиб, унга қарадим.
— Ҳа. Бу ерни эртами-кечми, барибир, билиб қолишади. Фақат қаерга боришни билмай бошим қотган. Шаҳар, қишлоқ биз учун ёпилган. Лекин бу ерда ҳам қололмаймиз, — дедим.
— Бобом бир сафар менга кичкина бир туйнукни кўрсатганди. У ғор эмас. Лекин бирор уч-тўрт киши бемалол сиғади. Лекин у ер анча нарида. Ундан кейин тоғнинг тепасида. Бориш йўли ҳам хавфли. Жарлик ёқалаб юриш керак. Кичкина ёлғиз оёқ йўл бор. Тикка ўтолмайсиз, эмакласа, бемалол ўтиб кета олади.
— Бобонг сени у ёққа қандай олиб борди? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Олиб бормаган. Саккиз ёшимда ўша атрофда юрганимизда шу йўл билан ўтиб кетганман. Билмасдан. Бобом, дадам, аям роса қидиришган. Бобом охири шу йўлдан ўтишга мажбур бўлган. Бунгача мен ялангликда гул териб юрганман. Ўша ялангликнинг тепасида эди ўша туйнук.
— Бобонг эмас, сен кўрсатган экансан, — дедим кулиб.
— Ҳмм.
— Эртага борамиз.
Шу кеча тун чўзилгандай бўлди. Алламаҳалда уйғониб кетдим. Ёнимда Навбаҳор. Кўксимга бошини қўйганча ухлаяпти. Аввалига юзини силамоқчи эдим. Кейин уйғониб қолмасин, деган хавотирда тегинмадим. Ўзим эса кўзим ялтиллаб ётавердим. Хаёл сураман, хаёл сураман, лекин сира охирига етолмайман. Хаёлки, қилиб бўлмайдиган, одам зотининг қўлидан келмайдиган ишлар…
Ниҳоят, узоқ кутилган тонг отди. Биз нарсаларимизни, борганимизда зарур бўладиган нарсаларнигина олиб, йўлга тушдик. Қолган нарсалар учун кейин яна келиб кетсак ҳам бўлаверади.
Навбаҳор айтган жой жудаям узоқ экан. Ўша тоғнинг этагига етгунимизча неча қирдан ошдик, тоғдан ошдик, сойларга тушиб чиқдик. Орада Навбаҳор тўхтайди. «Адашиб кетганга ўхшаймиз», дейди мени хавотир олдириб. Сўнг «Йўқ, тўғри кетяпмиз. Ҳов анави тош менга таниш», дейди.
Хуллас, вақт пешиндан оғди. Биз сойдан тепага кўтарила бошладик. Бу ерда одам маза қилиб дам олса бўларкан. Майсалар худди экиб парваришлангандай бир текисда ўсган, яккам-дуккам тошлар ҳам кўзга ташланмайди. Дарахтлар эса сийрак, тахминимча, бирор ўн қадамда биттасига дуч келиш мумкин.
Мен ора-чора тўхтаб, чор атрофга назар соламан. Гоҳ-гоҳида дурбиндан ҳам фойдаланаман. Энди нафақат бировнинг ортимиздан пойлаб юришидан хавфсираяпман, балки бирорта йиртқич учраб қолмасайди, дея хавотирланяпман ҳам.
Бир соатча юқорига кўтарилганимиздан сўнг кутилмаганда бирдан ўт-ўлан тугади. Дарахтлар ҳам ҳаддан зиёд сийраклашди. Оёқ ости эса шағал тош. Сал эҳтиёткор бўлиб юрмасанг, сирпаниб кетишинг ҳеч гап эмас. Шу боисдан тўхташга, бир муддат дам олишга қарор қилдик. Яна қорин ҳам очқаб кетганди. Ахир уйимиздан чиққанимиздан бери ҳали туз ҳам тотмагандик-да. Мен-ку, унча-мунча очликка ҳам бемалол чидай оламан. Аммо Навбаҳор қийналиши мумкин-да. Унинг шу ергача келганининг ўзи катта гап.
Анча муддат чўзилиб ётдик. Баданимиз совиб, теримиз қотгач, эринчоқлик деган бир бало етиб келди-ю, бизга маҳкам ёпишиб олди.
— Жасур ака, бугунча шу ерда қолсак-чи, шох-шаббалардан уйча қуриб олардик, — деди кўзини юмиб ётган Навбаҳор.
— Жуда яхши таклиф, лекин ҳеч вақога ярамайди. Қани хоним, туринг, кетдик, — дея унинг қўлидан тортдим.
Навбаҳор айтган жарлик лабидаги сўқмоққа яқин қолган экан. Бирпасда етиб олдик. Аммо ҳақиқатан ҳам, жуда хавфли экан. Бу ерда озгина ортиқча ҳаракат қилсанг, тамом, жарлик қаърига тушиб кетасан. У ёғи энди кундай равшан.
Олдинга ўзим ўтдим. Шунингдек, Навбаҳорни белидан арқон билан боғладим. Иккинчи учи эса менинг билагимда эди. Эҳтиёт бўлган яхши-да.
— Пастга умуман қарама, бошинг айланади, — дедим Навбаҳорга.
— Мен аввал ўтганман, — дея жилмайганча жавоб берди у.
— Аввал аввал бўлган. Ҳозир эса ҳозир, — дедим-да, секин энгашдим.
Эмаклаш бошланди. Олдинига йўлак ҳийла кенг эди. Лекин секин-аста торайиб борарди. Яна тепадан катта харсанглар шундай осилиб тушганки, тор йўлнинг устки томонидан ҳам қисиб қўйган. Агар сал семизроқ бўлсанг, тиқилиб қолишинг ҳеч гап эмас. «Яхшиям семирмаган эканман», дея ўйлайман шундай пайтлари. Аммо орқамда мерганларнинг милтиғи, ўзимнинг автоматим ва яна рюкзак бор. Ана шулар тиқилиши мумкин эди. Лекин тиқилмади. Сал қадалиб ўтди. Аммо, барибир, семиз одамнинг орқасида шунча нарсаси бўлганда ўтолмасди. Лекин-чи, семиз одам менга ўхшаб эмакламайди ҳам.
Дарвоқе, кўрпаларни ҳам олганимизни айтиш эсимдан чиқибди. Уларни думалоқ қилиб ўраб олганмиз. Эмаклайман, уни итараман. Эмаклайман, яна итараман…
Сўқмоқчанинг охирига етишимга йигирма қулочча қолганди. Чунки охири бемалол кўринаётганди-да. Бирдан сўқмоқ йўқолиб қолди. Аниқроғи, икки қадамча масофа умуман йўқ.
— Бу ёғига йўл йўқ-ку! — дедим Навбаҳорга.
— Бўлиши керак. Ўзим ўтганман, — дея жавоб берди у.
— Йўқ. Умуман йўқ. Икки метрчада йўл йўқ. Ундан у ёғи ҳам торгина. Орқага қайтишимиз керак!
Лекин қандай қилиб? Чунки айланиб бўлмайди. Ўзи зўрға сўқмоқчага сиғиб келяпмиз.
— Орақачасига эмаклай оласанми? — дедим Навбаҳорга.
— Билмадим. Лекин йўл бўлиши керак эди-ку. Ёки адашдимми?
— Балки. Балки, бошқа бир сабаб билан жарликка ўпирилиб тушгандир.
— Орага қайтамизми?
— Шошмай тур-чи, — дедим унга.
Чунки миямга ғалати фикр келганди. Тўғри, жудаям хавфли. Аммо назаримда уддаласам керак.
— Мен, — дедим бир муддат тин олганимдан сўнг, — кўприк бўламан. Сен устимдан эмаклаб ўтасан.
— Эсингиз жойидами? Қандай қилиб?
— Нозиклигингни, енгиллигингни биламан. Бемалол кўтароламан. Фақат тез эмаклайсан.
— Йўқ! — деди Навбаҳор қатъий.
— Ўжарлик қилма. Орқага қайтишимиз баттар хавфли. Ўзинга-ўзинг: «Ўтамиз, ўтамиз», де! Шунда ҳаммаси осон бўлади.
— Қўйинг, жонингизни хатарга қўйманг. Орқага қайтайлик…
— Агар шуни уддаласак, бошқа ҳамма ишлар ўйинчоқ бўлиб қолади. Сен менга ишон!
Менда қандайдир қатъият пайдо бўлганди. Навбаҳордан икки марта оғирроқ одамни бемалол кўтара оламан. Тўғриси.
Билагимдаги ипни ечдим. Чунки Худо кўрсатмасин, нариги тарафни ушлолмасам, ўзим билан бирга Навбаҳорни ҳам жарлик қаърига олиб кетишим мумкин эди.
— Ёш болалик қилманг! — дея оёғимдан ушлади Навбаҳор.
— Болалик эмас бу! Бу — энг тўғри қарор.
Кўрпаларни улоқтирдим. Биттаси мўлжаллаган жойимга бориб тушди. Аммо иккинчиси жарликка тушиб кетди. Сўнг ўзим сўқмоқча тугаган жойдан бироз гавдамни ўтказдим, қўлимни олдинга чўздим. Икки қаричдан зиёдроқ етмаяпти. Бундан чиқди, бузилган жой ўйлаганимдан калтароқ. Яна озгина олдинга силжисам, етаман. Сал интилдим. Гавдам пастга эна бошлади. «Бунақа имиллайдиган бўлсам, ҳеч бало қилолмайман», деб бирдан олдинга сакрагудек бўлиб чўзилдим. Нариги тарафни бир қўлимнинг бармоқлари билан тутиб қолдим ва шу заҳоти яна силжидим. Энди ҳақиқатан ҳам, кўприкка айландим. Лекин бу аҳволда узоқ туриб бўлмас эди.
— Тезроқ бўл! Эмакла! — бақирдим Навбаҳорга.
У ортиқча гап қилмади. Тезда устимга чиқди.
— Жарликка қарама! У томонга оғирлигингни ташлама! — дедим.
— Хўп!
Навбаҳор йиғлаётган экан. Шунинг билан бирга қарийб югурди. Ўтди, ўтолди. Эплади. Лекин энди менинг қўлларим синиб кетгудек бўляпти. Шунақанги зирқираяптики, чидаб бўлмайди.
— Нарироққа кет! — дедим.
— Қўлингиздан боғлаб тортаман!
— Йўқ! Кет нарироққа!
Кўприк бўлиш осон экан. Устингдан бировни ўтказсанг ҳам бўларкан. Аммо ўзинг ўтиб олишинг… Осилиб қолдим. Навбаҳор чинқириб юборди. Айнан унинг чинқиргани менга куч берди ва гавдамни кўтара бошладим. Лекин ушлайдиган жой бўлгандамиди?
Амаллаб гавдамни сўқмоқнинг устига қўйдим. Навбаҳор кўйлагимдан ушлаб торта бошлади ва:
— Чиқиб оласиз. Бу ёғи қийинмас энди. Сал ҳаракат қилинг! Илтимос, сал ҳаракат қилинг! — дея ялинди жон алфозда.
Мен жоним борича кўтарилдим ва қорнимгача чиқиб олдим.
— Нарироққа кет! Бўлди, чиқдим. Эҳтиёт бўл, нарироққа кет! — дедим унга.
Чиқдим. Амалладим. Қўлимдан келаркан. Лекин, лекин ажал билан ўйнашдим. Чўзилиб ётиб қолдим-да, юзимни тошга босдим. Ҳансираб нафас оляпман. Танам титраяпти. Навбаҳор эса бор овозда йиғлашни бошлаб юборди.
— Тентак! Тентак! — деб бир-икки марта елкамга урди ҳам.
Аммо мен, барибир, хурсандман. Ҳарқалай, уддаладим-ку. Энди ундай бўлганда-чи, бундай бўлганда-чи, деган гапларнинг бари бекор.
— Юр, — дедим бироздан кейин Навбаҳорга, — юр, қолган йиғини кейин қиласан.
У жавоб бермади. Бироқ силжий бошлагани эшитилди.
Мен бошимни кўтардим. Эй-й, бу қиз нима қиляпти?! Битта оёғи жарлик томонга озроқ чиқиб қолибди-ку!
— Тўхта! — дедим унга.
Навбаҳор ҳайрон бўлди. Қизиқ, оёғи чиқиб қолганини наҳотки сезмаяпти?!
— Бирга кетамиз. Қимирламай тур.
Илдам эмаклаб, дарров унга етиб олдим. Сўнг арқоннинг бир учини олиб, яна билагимга боғладим-да:
— Ана энди эмакла, — дедим ва йўлка деворига тиқилиброқ юришни тайинладим.
Ўтдик! Чалқанча чўзилиб ётиб олдик. Менинг тирсагим, елкам зирқираб оғрирди. Навбаҳор эса ўксик-ўксик нафас оляпти. Бечора жудаям қўрқиб кетди.
— Жасур ака, сизни жудаям, жудаям уришгим, оғзимга келган ҳақоратни тўхтамай айтгим келяпти! — деди у бироз дам олганимиздан сўнг.
— Бемалол, — дедим кўзимни очмай.
— Бегона бўлганингизда шундай қилардим. Бегона бўлганингизда ўзим бошингизга тош-пош билан уриб ўлдирардим!
— Лойиқман.
— Агар…
Уни бошқа гапиришига йўл қўймадим. Бир думалаб маҳкам қучоқладим. У елкамга, биқинимга, дуч келган жойимга муштлаб урарди. Шунинг билан бирга… Охири сочимни силай бошлади. Сўнг яна йиғлаб юборди-да:
— Иккинчи бунақа қилманг, илтимос. Ёки шунақанги режангиз борлигини олдинроқ айтинг-ки, мен ажрашишга улгурай, — деди.
— Бошқа қилмайман. Тавбамга таяндим. Рости бунақа бўлишини умуман кутмагандим. Аммо уддаладик, шунисига хурсандман, — дедим унинг кўзларига қараб, — лекин нима бўлган тақдирда ҳам ажрашиш деган нарсани хаёлингга келтирма.
— Ўзимнинг қаҳрамоним, — деб у кўксимга бошини қўйди.
— Чарчадингми? — сўрадим ундан.
— Жудаям. Лекин чарчашдан ҳам кўра кўпроқ қўрқдим. Айниқса, сиз осилиб қолганингизда. Бармоқларингизнинг учлари билан турганингизда. Даҳшатнинг ўзгинаси. Энди ҳечам хаёлимдан кетмаса керак.
— Унут, тамом-вассалом. Ҳар сафар шунга яқин хаёл келганида бирдан ҳаётингдаги энг яхши дамларни эсла. Мен доим шундай қиламан. Саккизинчи синфда ўқиётганимда, сакраб акробатик усулда тўпни тепиб, гол ургандим. Зўр бўлганди. Ўзим ҳам кутмагандим. Ўшани хаёл қиламан. Яна ўйлайманки, футболчи бўлганимда, Европада мана-ман деган клубларда тўп сурармидим деб.
— Энди бу йўл билан ҳеч қачон юрмаймиз, хўпми?
— Лекин бошқа йўл бўлмаса-чи?
— Бўлса керак. Шунчаки, биз қидирмадик-да.
— Тўхта, кичкинагина қизча қандай қилиб ўтгансан? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Аслида, бошқача бўлган. Мен қуённиг боласини кўриб қолганман. Оппоқ эди. Кўзлари қип-қизил. У бечора менга дуч келиши билан қочган. Қувганман. Шу ёққа кетган. Мен ҳам кетаверганман. Эмаклаганман. Шу бўйи ўтганимни билмай қолганман. Аммо кейин йўқотиб қўйдим. Роса йиғладим. «Ҳали шошма, сени дадамга айтиб бераман», дедим. Сўнг гуллар бор экан, шуларни териб юрганимда бобом келган. Қандай қилиб менинг шу ерда эканлигимни билган ҳайронман?!
— Энди дам олиб бўлдик. Қуёш ботгунича янги иморатимизга борайлик. Ҳали у ёқ-бу ёғини тўғирлашимизга ҳам тўғри келар? Кўрпаларимизнинг ярми тушиб кетгани чатоқ бўлди-да. Майли, бир амаллармиз, — дедим.
Навбаҳор ўрнидан туриб ўтирди ва шу ўтирган кўйи ғорчани кўрсатди. Тўрт-беш терак бўйи баландликда. Шундоққина кўриниб турибди.
— Етибмиз-ку, — деб мен ҳам ўрнимдан турдим ва айиққа кўзим тушди. У худди ўша ғордан чиқиб, бизга қараб турарди. — Етибмиз-ку, — дея такрорладим, — лекин бекор етибмиз.
— Нега? — деди Навбаҳор менга қараб.
— Эгаси бор экан. Аллақачон эгаллаб олибди, — дея айиқни кўрсатдим.
— Вой! Энди нима қиламиз?
— Илтимос қиламиз. Уйингдан бизга ҳам жой бер, деймиз. Берса, яхши. Бермаса, секингина жуфтакни ростлаймиз.
Шундай дейишим билан айиқ ўкирди ва биз томонга кела бошлади.
(Асарнинг давомини яқин соатларда ўқийсиз)
Аввалги воқеаларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволани босинг:
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (1-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (2-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (3-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (4-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (5-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (6-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (7-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (8-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (9-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (10-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (11-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (12-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (13-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (14-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (15-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (16-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (17-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (18-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (19-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (20-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (21-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (22-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (23-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (24-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (25-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (26-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (27-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (28-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (29-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (30-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (31-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (32-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (33-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (34-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (35-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (36-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (37-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (38-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (39-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (40-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (41-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (42-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (43-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (44-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (45-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (46-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (47-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (48-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (49-қисм)
Нуриддин Исмоилов асари: “Шайтон занжири” (50-қисм)