Ҳиндистон бош вазирининг Бангладешга ташрифи оммавий тартибсизликларга сабаб бўлди
Нарендра Моди жума куни Бангладеш мустақиллигининг 50 йиллигини нишонлаш учун икки кунлик расмий ташриф билан Даккага келди. Аэропортда уни Бангладеш бош вазири Шайх Хасина кутиб олган.
Ҳиндистондаги миллионлаб мусулмонни маргиналлаштиришга ҳаракат қилаётганликда, ҳинд миллатчилигида айбланаётган Нарендра Модининг Бангладешга ташрифи маҳаллий мусулмонлар норозилигига учради. Жума намозидан сўнг Дакканинг жоме масжиди атрофида норозилар йиғила бошлади.
Бу намойишлар тезда полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган, натижада бир неча одам жароҳат олган.
Аввалги ҳафталарда Нарендра Моди Бангладешга келишига қарши намойишлар бўлиб ўтган, уларда намойишчилар Моди ва Ҳиндистонга қарши шиорларни кўтариб чиқишганди. Талабалар Модини “Гужарат қассоби” деб атаган бўлса, яна бошқа шиорларда “Моди кет, Ҳиндистон кет!” каби чақириқлар акс этган.
Нарендра Моди Ҳиндистоннинг Гужарат штатининг раҳбари бўлганида у ерда 2002 йилда ҳинду ва мусулмонлар ўртасида шафқатсиз тўқнашувлар бўлиб ўтган. Асосан маҳаллий мусулмонларга қаратилган оммавий зўравонликлар натижасида мингга яқин инсон ўлган эди. Моди бошчилигидаги маҳаллий ҳокимият нафақат зўравонликларни олдини олмаган, балки ҳинд миллатчиларига ён босган деган айбловлар ҳамон янграмоқда. Модининг ўзи буни рад этади.
Намойишчилар Моди ва унинг миллатчи “Бҳаратия Жаната Парти” партияси мусулмонларни камситаётганликда, хусусан, Ҳиндистондаги миллионлаб мусулмонни маргиналлаштиришга қаратилган ватандошлик ҳақидаги қонунни қабул қилишда айблашмоқда.
Намойишчилар Модини Бангладешга таклиф қилган Бош вазир Шайх Хасинани ҳам танқид қилишган. Уларга кўра, икки давлат ўртасида ҳал этилмай келаётган муаммолар, жумладан чегара муаммолари манзарасида бу таклиф бемаврид бўлган.