ЖССТ: СOVID-19 Хитойдаги лабораториядан тарқаганини истисно қилиш учун қўшимча тадқиқот зарур
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) COVID-19 Хитойдаги лабораториядан тарқаганини бутунлай истисно қилиш учун қўшимча тадқиқотларга эҳтиёж борлигини айтмоқда.
Ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус 31 март куни қилган баёнотида бу эҳтимол жуда ҳам камлиги, аммо уни буткул истисно қилиш учун маълумотлар ҳали етарли эмаслигини айтди.
Расмий Пекин бу назарияни бошидан рад этиб келади. Аммо ЖССТ раҳбарига кўра, ташкилот "барча назарияларни кўриб чиқмоқда".
Хитойлик ҳамкасблар билан COVID-19 келиб чиқишини ўрганган халқаро олимлар гуруҳи қўшма тадқиқот асосида ёзилган ҳисоботни «биринчи қадам» деб атади. Хитой ҳисоботни олқишлади, АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса олимлар хулосалари юзасидан хавотир изҳор қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассиси Питер Бен Эмбарек етакчилигида коронавирус илк маротаба кенг тарқала бошлаган Ухань шаҳрида ўтказилган тадқиқот натижалари сешанба куни эълон қилинди. Душанба куни Associated Press агентлиги ўз дипломатик манбасидан ҳисобот нусхасини олиб, унинг хулосалари ҳақида хабар берган эди.
ЖССТ мутахассислари вирус кўршапалаклардан бошқа ҳайвон орқали одамларга юққани эҳтимоли юқори эканини хулоса қилган. Вирус лабораториядан тарқалиб кетгани эҳтимоли эса жуда оз, деган хулосага келинган.
Ҳисобот нашр этилгандан кейин АҚШ ва ўндан ортиқ бошқа мамлакат ҳисоботни эълон қилишдаги кечикишлар ҳамда олимларга намуналар ва маълумотларда эркин фойдаланиш имконияти берилмагани айтиб, тадқиқот ҳақида хавотир изҳор қилдилар. Аммо уларнинг бирортаси ҳам Пекинни тўғридан-тўғри айбламади. Хитой бу танқидларга жавобан тадқиқотни «сиёсийлаштирмасликка» чақирди.
"Хитой ЖССТга тўлиқ маълумот бермаган"
Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Байден маъмурияти ЖССТ ҳисоботини ҳали ҳам кўриб чиқаётганини айтди. Шундай бўлса-да, котиб ҳисобот ҳақида унда «ҳал қилувчи маълумотлар йўқ ... Шаффофлик йўқ», деди.
«[Ҳисобот] [вирус] келиб чиқиши ҳақида олти – тўққиз ой олдин бизда бўлган маълумот ёки тушунчамизга солиштирганда бизга кўпроқ маълумот бермади», - деди у журналистлар билан ўтказилган брифингда.
Бу орада АҚШ Давлат департаменти 14 та давлат имзолагани айтилаётган баёнотни эълон қилиб, вируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун иккинчи босқич тадқиқотни ўтказишга чорлади. Баёнотда коронавирус «одамларга қандай воситалар билан юққанини аниқлаш учун» ҳайвонлар орасида кўпроқ тадқиқот ўтказилиши кераклиги эътироф этилди.
Баёнотни имзолаган мамлакатлар ЖССТ мутахассислари ва ходимларини пандемияни тугатиш ва унинг келиб чиқишини аниқлашга қаратилган «тинимсиз» ишлари учун олқишлади. Аммо тадқиқот муаллифлари «сезиларли даражада кечиктирилгани ва тўлиқ, оригинал маълумотлар ва намуналардан фойдалана олмагани» танқидга учради.
Псаки Хитой ЖССТга тўлиқ маълумот бермаганини айтди.
Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Хитой ҳукуматини илмий жамоа аъзоларига рухсат беришни жуда узоқ кечиктиришда айблади: олимлар Хитойда коронавирус пандемияси бошланганидан бир йил ўтиб мамлакатга киритилди ва Уханда атиги тўрт ҳафта бўлди.
Европа Иттифоқи ҳам алоҳида баёнот эълон қилиб, тадқиқот кеч бошлангани, олимлар кеч Хитойга юборилгани ҳамда намуналар ва маълумотлардан фойдаланишга чеклов қўйилгани ҳақидаги хавотирларни такрорларди. Бунга қарамасдан, блок ҳисоботни «фойдали биринчи қадам» деб атади.
Ҳисобот эълон қилиниши ортидан Хитой Ташқи ишлар Пекин ЖССТ билан ҳамкорлик қилганига урғу берди.
Бен Эмбарекнинг айтишича, илмий жамоа аъзолари «ҳар томондан» сиёсий босимга дуч келишган. Аммо у:
«Биз ҳеч қачон ўз ҳисоботимиздаги танқидий элементларни олиб ташлаш учун босимга учрамадик», - дея қўшимча қилди.
Бен Эмбарек бир неча ҳамкасби иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида:
«Биз ўзимиз хоҳлаган барча дастлабки маълумотлардан тўлиқ фойдалана олмадик. Бу келажакда олиб бориладиган тадқиқотлар учун тавсия ўлароқ кўрсатилди», - деди.