«Судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади»
“Ушбу соҳа янада очиқ ва халқчил бўлиши учун, қуйидаги йўналишларда муҳим ўзгаришлар амалга оширилади.
Биринчидан, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизими такомиллаштирилади.
Бу борада маъмурий суднинг ўрни ва ролини кучайтириш мақсадида, унинг ваколатлари кенгайтирилади.
Шунингдек, маъмурий судларга давлат идоралари томонидан етказилган зарарни қоплаш ва бошқа ҳуқуқий оқибатларга оид масалаларни ҳал қилиш ваколати берилади.
Бундан ташқари, энди қарор ноқонуний эмаслигини судда исботлаш мажбурияти, уни қабул қилган мансабдорнинг ўзига юкланади.
Мансабдор шахслар маъмурий суд қарорини бажармаган тақдирда, уларга нисбатан “ошиб борадиган” жарима ва бошқа ҳуқуқий чораларни қўллаш тартиби киритилади. Шу орқали шикоятлар сонининг камида 2 баробар қисқаришига эришиш мумкин.
Иккинчидан, судлар фаолиятига “ягона дарча” тартиби жорий этилади. Яъни, бундан буён, иш фуқаролик, иқтисодий ёки маъмурий судга тааллуқли бўлишидан қатъи назар, ариза “ягона дарча” асосида қабул қилинади. Бу эса фуқаро ва тадбиркорларнинг эшикма-эшик сарсон бўлишига чек қўяди”.
(Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездидаги маърузасидан)
uzlidep.uz