Генерал Ҳафтар кучлари Триполидан чекинди
Шу тариқа Ҳафтар кучларининг Ливия пойтахтини эгаллаб олиш бўйича 14 ой муқаддам бошланган уриниши муваффақиятсизлик билан якунланди.
Ҳафтарнинг рақиблари халқаро аэропорт ва Триполи жанубидаги бошқа ҳудудларни эгаллаб олишга муваффақ бўлдилар.
Ҳафтар кучларининг чекингани жанговар ҳаракатлар тугаганини англатмайди – ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳар иккиси сулҳ музокараларига розилик берганига қарамасдан, жанглар давом этмоқда.
Ливияда фуқаролар уруши кетяпти. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати ўз назорати остида тутиб турибди. Уни БМТ, ғарб мамлакатлари, Туркия ва Қатар дастакламоқда.
Мамлакат шарқи ва жанубининг бир қисмини Ливия намояндалар палатаси назорат қилмоқда. 2014 йилда сайланган бу гуруҳ “Тобрукдаги ҳукумат” сифатида танилган. Уни генерал Халифа Ҳафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси дастакламоқда. Унга, ўз навбатида, БАА ва Миср кўмак бермоқда.
Ҳафтар бир неча бор Москвага ташриф буюриб, россиялик юқори лавозимли амалдорлар билан музокаралар олиб борган. Россия расман ўзаро кураш олиб бораётган томонларнинг ҳеч қайсисини дастаклаётгани йўқ, бироқ Ҳафтар отрядлари назорат қилаётган ҳудудда “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма жангчилари борлигига оид кўплаб гувоҳликлар бор.
Ўтган ҳафта АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги Россия яқинда Ливияга камида 14 та жанговар учоқ ташлагани, бу учоқлар Ливия миллий армиясининг мамлакат марказидаги ҳаво базасида турганини билдирган. Москва Ливияга учоқ ташланганини рад этиб келмоқда.