АҚШ ва Россия маҳбуслар билан алмашиниши мумкин
“Агар музокаралар муваффақиятли якунланса, маҳбуслар билан алмашиниш АҚШ президенти россияликларни, Россия президенти эса Уиланни авф этганидан сўнг амалга оширилади”, - деб айтган Интерфакс агентлигига 17 июнь куни “ишончли манба”.
Москва шаҳар суди 15 июнда АҚШ ватандоши Пол Уиланни жосусликда айбдор деб топиб, уни 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Собиқ денгизчи бўлган Пол Уилан Москвадаги меҳмонхонада 2018 йил декабрида қўлга олинганди.
Тергов версиясига кўра, унинг ёнидан ичида давлат сирига алоқадор бўлган маълумотлар ёзилмиш флешка топилган ва мусодара этилган. Пол Уилан бу айбловни рад этиб, ўзига нисбатан таъқибни провокация, деб атаган. Собиқ денгизчининг яқинлари у Москвага тўйга таклиф этилгани сабабли борганини таъкидламоқдалар.