Олий Мажлис Сенати аъзолари Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан ҳамкорлиги масаласи жамоатчилик, айниқса, зиёлилар ўртасида кескин баҳслар, таъбир жоиз бўлса, эҳтиросли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу борада амалий қадам ҳам қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси қарори ва баённомаси, Ўзбекистон – Россия қўшма комиссияси хулосалари парламентга тақдим этилди. Олий Мажлис Сенати жорий йил 11 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мамлакат мақомида киришини маъқуллади. Энди биз иттифоққа бегона эмасмиз, аммо унга аъзо ҳам эмасмиз – бу «сулаймончаси»га доно қарор бўлди. Бошқаси бизга тўғри келмасди. Қарор қабул қилинди. Эҳтирослар балки бироз сокинлашар? Балки... Аммо дўппини олиб қўйиб, жиддий мулоҳаза юритиш, уни ҳар жиҳатдан асослаш жараёни давом этмоғи зарур. Зеро, масала ҳали узил-кесил ҳал бўлгани йўқ. Сир эмас, ҳеч бир мамлакат маҳдудликда яшай олмайди. Бунда ривожланиш тўғрисида гапириб ўтириш ортиқча. Буюк Ипак йўли ва Ҳиндистон савдо йўли чорраҳасида жойлашган минтақамиз ўрта асрларда тараққиётнинг, илм-фан ва маданиятнинг чўққисига чиққан эди. Денгиз йўллари кашф этилиши туфайли Шарқ ва Ғарб билан алоқаларимиз дастлаб жуда заифлашиб қолди. Кейинчалик турли сиёсий, диний-мафкуравий келишмовчиликлар, сепаратизм ва феодал тарқоқлик халқимизни маҳдудлаштириб қўйди. Ўтмиш ютуқларимизни йилдан-йил бой бера бошладик. Оқибатлари эса маълум. Барча замонларда иқтисодий, илмий, маданий, ижтимоий-сиёсий робиталар жамият равнақининг муҳим омили бўлиб келган. Шу сабабдан Ўзбекистонда ҳам нафақат ички миллий жипсликка, ташқи халқаро алоқалар ривожланишига ҳам улкан эътибор қаратилмоқда. Ташқи сиёсатда Ўзбекистон яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқли ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлидан бормоқда. Натижада мамлакатимизнинг халқаро иқтисодий, савдо-сотиқ, илмий, маданий, туристик, спорт алоқалари изчил ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори мустаҳкамланди. Иқтисодиётимизга киритилаётган чет эл сармояси ҳажми кескин ошди. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги замонавий технологияларга ўтказиш тезлашди. Яқин қўшниларимиз, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Ғарб мамлакатлари, хусусан, АҚШ ва EИ аъзоларининг Ўзбекистонга хайрихоҳлиги ортди, амалий ҳамкорлик яхшиланди. Ғарб давлатлари биз билан ҳамкорликни кенгайтиришининг муҳим икки сабаби бор Биринчиси – Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларга очиқлиги, бу борадаилгари йўл қўйилган камчиликларни тузатаётгани. Иккинчидан – ички ва ташқи сиёсатда мустақиллиги, ўзига «катта оға» изламаслиги, турли сиёсий блокларга интилмаслигидирки, бу халқаро ҳамжамият, айниқса, Ғарб кўз ўнгида биринчисига нисбатан кам аҳамиятга эга эмас. ЕОИИ – Ўзбекистон муносабатлари замирида ҳам «катта оға» изламаслик, мустақил ташқи сиёсатни давом эттириш тамойили турмоғи лозим. Ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиш экан, бизнинг жаҳон ҳамжамиятига чуқурроқ интеграциялашувимиз; ШҲТ, МДҲ, Туркий тили давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмаларга аъзо бўлишимиз; турли давлатлар, EИ, EХҲТ каби бирлашмалар билан ҳамкорлик қилишимиз ҳаётий заруратдир. Биргина шарт шуки, халқаро ташкилотларга аъзолик, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик суверенитетимизга соя солмаслиги, манфаатларимизга зид келмаслиги лозим. Eвроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик масаласи 2019 йил сентябрь-декабрь ойларида Ўзбекистон – Россия ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилган ва муҳокама этилган. Яқин беш йилда аъзоликнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий ва салбий таъсири тадқиқ қилинган. Қайд этилишича, бу таъсир биринчи беш йилда салбий, ўрта ва узоқ истиқболда эса ижобий бўлади. Лекин тахмин ва фаразлар ўзини оқлайдими? Ўзбекистон аввало иқтисодий муносабатлари, метрология, божхона, молия-кредит тизими ва инфратузилмаси, иқтисодий қонунчилигини ЕОИИнинг меъёр ва талабларига мослаштириши лозим. Бунинг учун улкан харажатлар қаторида муайян вақт – ўтиш даври талаб қилинади. Агар мазкур иттифоққа кириладиган бўлса, бу жараён қанча давом этиши лозим? Ўтиш даврини тезлаштириб, уч-тўрт йилга келтириш мумкин. Аммо бу иқтисодиётда ўзига хос фалаж терапиясига айланиши ҳеч гап эмас. Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий тамойилларидан бири – тадрижийлик. Агар унга риоя этилмаса, аҳолининг шусиз ҳам юқори бўлмаган турмуш даражаси янада пасаяди, ишсизлик ўсади. Ижтимоий муносабатлар ҳам таранглашиши мумкин. Буни ЕОИИга аъзолик оқибатларини ўрганиб, ҳисоб-китоб қилган Ўзбекистон – Россия комиссияси ҳам қайд этган. Қолаверса, халқаро тузилмага аъзолик ўрта ва узоқ истиқболда ҳам комиссия хулосаларидагидек фақат ижобий ва фойдали бўлишига кафолат йўқ. Келинг, айрим эҳтимолий салбий оқибатларни таҳлил қилиб кўрайлик. Биринчидан, EОИИ, унинг етакчи давлати Россия саноат, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, асбобсозлик, электротехника, IT ва нанотехнологиялар (ҳарбий саноатдан ташқари) соҳасида мутараққий Ғарб давлатларига нисбатан анча қолоқ. Унга аъзо бўлиш EИ, АҚШ, Япония ва Россияга мухолиф бошқа мамлакатлардан илғор технологияларни, айниқса, халқ хўжалиги ва ҳарбий саноатда иккиёқлама қўлланадиган технологиялар импортини чеклаб, ҳатто тўхтатиб қўйиши мумкин. Иккиёқлама технологияларга нанотехнологиялар, сунъий интеллект ва АКТ, айрим биотехнологиялар ёки янги композит материалларни яратиш каби кўплаб замонавий юксак илмий ишланмалар, тадқиқотлар киради. Ўзбекистон – Россия комиссияси хулосасида хориж инвестициясининг камайиши, баъзи лойиҳаларнинг яқин истиқболда амалга ошмай қолиш эҳтимоли ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Боз устига, бу ҳол анча чуқур ва узоқ муддатли муаммолар, инчунин, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграцияси сусайишига олиб келиши мумкин. Ғарб мамлакатлари, айниқса, АҚШ, ЕИ Россияни ўзининг асосий сиёсий ва иқтисодий рақиби ҳисоблаши сабабли улар билан иқтисодий ва илмий-технологик ҳамкорлигимизда ҳам саволлар туғилиши ҳеч гап эмас. Оқибатда мамлакат янги технологияларга эга бўлиш имконияти ва рақобатбардошлигини йўқотиши ҳам мумкин. Яна бир муаммо: Россиянинг ўзида турли сиёсий ва иқтисодий мақсадларни кўзлайдиган кучлар бор. Келгусида Москва сиёсати босим ўтказиш томон ўзгармаслигига ҳеч ким кафиллик беролмайди. Россияда «собиқ Совет Иттифоқига кирган миллий республикалар ҳамда Шарқий Европанинг собиқ социалистик мамлакатлари бизнинг таъсир доирамизда бўлиши лозим» қабилидаги иддаоларни очиқчасига олға сураётган буюк давлатчилик руҳидаги партиялар ва сиёсатчилар ҳам; Россия бошчилигидаги Совет Иттифоқига ўхшаш, бироқ бозор иқтисодиёти ва рақобатга асосланган, амалда эса янгича унитар давлатни тиклашни истайдиганлар ҳам топилади. Владимир Жириновский кабилар буни яшириб ўтиргани йўқ. Ўзини ҳақиқий демократ ҳисобловчи баъзи кучлар, айниқса, гайдарчиларга ўхшаб «СССР даврида иттифоқдош республикалар ва социалистик ҳамдўстлик мамлакатлари Россия ҳисобидан кун кечирган, энди бошқача бўлиши лозим, бизга бўйсунсин, бизнинг сифациз ва қиммат маҳсулотларимизни олсин, «ўзбошимчалик» қилмасин» дейдиганлар ҳам талайгина. Маълумки, Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларида рубл зонасида қолган эди. Россия янги пулини чиқарди-ю, Ўзбекистонни қўшмади. Агар Ўзбекистон янги рубл зонасига кирмоқчи бўлса, олтин захираларини ва конларини Россияга берсин, деб даъво қилган ҳам айни Егор Гайдар ҳукуматидир. ЕОИИ доирасида жиддий сиёсий муаммолар юзага келиши эҳтимоли ҳам бор. Халқаро масалаларда сиёсатни Москва билан мувофиқлаштириш, халқаро ташкилотларда ҳужжат қабул қилишда Россия томонда туриб овоз беришга тўғри келади. Бу эса айрим ўринларда сиёсий позиция ва миллий манфаатларга мос келмаслиги мумкин. ЁИИга аъзолик таъсири ЁИИга аъзолик Ўзбекистоннинг БМТ, ЖССТ, ЮНЕСКО, ХВФ, Жаҳон банки, ЕТТБ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига таъсир кўрсатмаса керак. Аммо Ғарб мамлакатлари билан икки томонлама сиёсий ва технологик алоқаларимиз хусусида бундай деб бўлмайди. Бундан ташқари, ЕОИИни иқтисодий иттифоқдан сиёсий-иқтисодий, ҳарбий блокка айлантириш орзусидаги сиёсатчилар ҳамон фаол. Улар мамлакатга Россия ҳарбий базасини жойлаштириш ғоясидан ҳам воз кечиши амримаҳол. Бу йўналишда зимдан босим кучайиб боравериши мумкин. ЕИда Германиядан кейинги иккинчи йирик иқтисодиётга эга бўлган Буюк Британия турли сабабларга кўра иттифоқни тарк этишга қарор қилди. Иқтисодий сабаблар рўкач қилинган бўлса-да, бунда сиёсий суверенитет масаласи, яъни Брюсселдан келадиган қарору тавсияларга лаббайкашлик қилмаслик истаги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Янги авлоднинг технократ раҳбарлари орасида Владимир Путинга ўхшаган совет даврида шаклланиб, халқлар дўстлигининг айрим гуманистик ғояларига, ижтимоий адолат каби қадриятларга содиқ сиёсатчилар қанча? Ундан кейин ҳокимият тепасига қандай кайфият, қандай сиёсий муддаодаги кучлар келишини ҳеч ким билмайди. Путиннинг ўзи, агар бошқарувда узоқ муддат қолса, қайси томонга ўзгаради? ЭОИИга аъзо бўлишдан аввал бу ҳақда ҳам жиддий ўйлаб кўришга тўғри келади. Зеро, имкон қадар миллатимиз тақдирига чет кучлар салбий таъсирининг олдини олишимиз керак. Тўғри, ЕОИИ – ўз номи билан иқтисодий иттифоқ. Аммо... бу ўринда хаёлингизга Карл Маркснинг «Сиёсат – иқтисодиётнинг мужассамланган ифодасидир» деган сўзлари беихтиёр келаверади. Чунки ЕОИИ бизга маълум МДҲ, ШҲТ, БРИКСга ўхшаш оддий халқаро иқтисодий ташкилот эмас, балки ЕИга ўхшаб чуқур интеграциялашишга интилаётган тузилмадир. У иқтисодий бирлашмани сиёсий ва ҳарбий иттифоқ билан тўлдириш мақсадини сақлаб қолса ажаб эмас. Рақобатга тайёр туринг ЭОИИга кирсак, унинг стандартлари, жумладан, ишлаб чиқариш, меҳнатга ҳақ тўлаш меъёрларига риоя қилишимиз, меҳнат ва капиталнинг, савдо-сотиқ маҳсулотларининг эркин ҳаракати, юзага келадиган рақобатга тайёр туришимиз лозим. Биз учун манфаатлиси – ортиқча ишчи кучини Россия ва Қозоғистонга эркинроқ жўнатиш имконини қўлга киритамиз. Меҳнат мигрантлари эса бугунгига нисбатан анча кўпроқ ижтимоий муҳофаза ва ҳуқуқларга эга бўлади. Аммо арзон, асосан малакасиз ишчи кучи бўлиб қолаверади. Аъзоликка ўцак, россиялик иш берувчиларнинг уларга қизиқиши анча сусаяди. Чунки ҳар бир қонуний ишчи учун ижтимоий солиқлар тўлаш, маош ва иш соатининг белгиланган меъёрига амал қилиш талаб этилади. Қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ ҳолат ҳам фикримизни тасдиқлайди. Лекин барибир мигрантларимизга анча енгил бўлади. Айни чоқда уларни ўйлаб, сиёсий суверенитетимизни хатарга қўйиш нораво. Қолаверса, бу масала ечими ўзгача бўлиши лозим – янги иш ўринлари яратиб, уларни Ўзбекистонга қайтариш чораларини излаган маъқул. Яна бир ҳолат. Ички бозоримизни Россия ва Қозоғистондан келадиган маҳсулотлардан ҳимоя қила олмаймиз. Бу эса ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга салбий таъсир кўрсатади. Комиссия хулосасига кўра, аъзоликка ҳозир ўцак, биргина автомобилсозлик соҳаси 1,2 млрд доллар зарар кўради, ишсизлар 100 минг нафарга ортади. Кўплаб саноат корхоналари жиддий муаммоларга дуч келади, айримлари синади. Шу сабабдан Ўзбекистон иқтисодиёти рақобатбардош бўлмагунча, ишлаб чиқариш тўлиқ модернизация қилиниб, замонавий технологияларга ўтилмагунча, иттифоққа аъзо бўлишга шошмаслигимиз керак. Чуқур интеграциялашган иқтисодий иттифоқларга аъзолик, истаймизми-йўқми, айрим иқтисодий ҳуқуқларимиз ва сиёсий суверенитетимизни, масалан, божхона, молиякредит, транспорт-коммуникация, энергетика каби соҳаларда ихтиёрий равишда иттифоқнинг бошқарув органларига ўтказишга олиб келади. Аммо бундан ҳам хавфлироғи капиталнинг эркин ҳаракатланиши ва ягона фонд бозорининг вужудга келиши туфайли республикамиздаги кўплаб корхоналар, банк активлари россиялик ва қозоғистонлик миллиардерлар қўлига ўтиб кетиши мумкин. Чунки бизда хусусий қўлларда йирик легал маблағ йўқ. Манба: Xabar.uz