Яна бир гигант давлат Очиқ осмон шартномасидан чиқаётганини эълон қилди
15 январь куни Россия Очиқ осмон шартномасидан чиқмоқчилиги ҳақида эълон қилди. АҚШ ҳам ушбу битимни ўтган йили бекор қилганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида айтилишича, АҚШнинг ўтган йили Очиқ осмон битимидан чиққани мазкур шартномани имзолаган давлатларнинг манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Шунингдек, Россия томонидан ушбу битимни сақлаб қолиш борасидаги таклифлар Ғарб давлатлари томонидан яхши қабул қилинмаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Москва энди мазкур шартномадан чиқиш учун тегишли ҳуқуқий ҳаракатларни бошлайди.
Очиқ осмон шартномасининг мақсади Россия ва Ғарб мамлакатлари ўртасида ўзаро ишончни тиклаш ҳисобланади. Унга кўра, мамлакатлар орасида бир-бирининг ҳудудига разведка самолётларини учириб, у ердаги ҳарбий базалар ва ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълумот олиш бўйича битимларга келишилади. Ушбу шартномага 30 дан ортиқ мамлакат қўшилган.