КҚТТ Россияга Навальнийнинг заҳарланиши бўйича саволлар йўллади
Саволлар тўртта бўлиб, ташкилот сайтида эълон қилинган.
Россия расмийларидан 2020 йил 20 августда мамлакат ҳудудида кимёвий қуролдан фойдаланилганлиги муносабати билан қандай чоралар кўрилганини батафсил баён қилиш сўралган – сўровда таъкидланишича, Россиянинг мажбуриятлари бор, хусусан, у кимёвий қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияни бузилишига алоқадор шахсларни жазолаши лозим.
Россиядан ушбу чоралар натижасини маълум қилиш, шунингдек, КҚТТнинг Навальний “Новичок” гуруҳига мансуб модда билан заҳарлангани ҳақидаги хулосасига изоҳ бериш сўралган.
Бундан ташқари, Россия мухолифатчининг заҳарланиши бўйича кейинги қадамларини маълум қилиши керак.
Сўнгги савол Россиянинг КҚТТ билан ҳамкорлигига оид бўлиб, бунда, жумладан, ташкилот экспертларининг Россияга ташрифи ҳақида сўз боради – иддао қилинишича, Москва экспертлар келишига тўсқинлик қилмоқда.
Россиянинг жавоблари сўров муаллифларини (улар орасида АҚШ ва ЕИ давлатлари бор) қониқтирмаган тақдирда, улар Россия ҳукуматидан маълумот олишга эришиш учун белгиланган тартиб-таомилларга кўра ҳаракат қилиши, ҳатто Навальний заҳарланиши масаласида КҚТТнинг махсус сессиясини ўтказиши мумкин.
Навальний заҳарланганини рад этиб келаётган Россия ҳукумати сўровга ўз муносабатини билдирганича йўқ.