“Путиннинг дўстона хизмати”. Тоқаев оиласининг Москвадаги мулклари нега яширилди?
![“Путиннинг дўстона хизмати”. Тоқаев оиласининг Москвадаги мулклари нега яширилди?](https://gdb.rferl.org/68580EBD-0D83-4316-A397-8315B04F2B58_w800_h450.jpg)
Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний сафдошлари Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев оиласига тегишли ҳашаматли кўчмас мулкларга оид маълумотлар Россия кадастр хизматининг ягона базаси – “Росреестр”дан ўчириб ташланганини аниқлади.
2 декабрь куни эълон қилинган “Путин кимларни яширяпти? “Давлат сирлари”ни фош этамиз” номли суриштирувга кўра, Қозоғистон президентининг ўғли Тимур ва собиқ рафиқаси Надежда Тоқаеванинг квартиралари ҳақидаги маълумотлар Россия давлат мулозимлари ҳамда махсус хизматлар ходимларининг кўчмас мулкларига доир маълумотлар билан бирга махфийлаштирилган.
Навальний жамоаси тақдим этган ҳужжатга кўра, 37 ёшли Тимур Тоқаев 2010 йилдан бери Хамовники туманидаги 196 кв.метр майдонли квартирага эгалик қилади. Надежда Тоқаевага тегишли 167 кв. метрли квартира Мешанск туманида бўлиб, 2000 йилда сотиб олинган.
Кўчмас мулклар эгалари ҳақидаги маълумотлар базаси бўлмиш “Росреестр” Тоқаевларнинг мол-мулкига оид маълумотларни қачон ва нега яширгани очиқланмаган.
Суриштирув ҳаммуаллифи, Алексей Навальнийнинг яқин сафдошларидан бири Георгий Албуров Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда Қозоғистон президентининг қариндошларига оид кўчмас мулклар ҳақида маълумотлар кўздан пана қилинганини тасодифан билиб қолишганини айтади.
“Тоқаевнинг сирини очиб қўйганимиз рост. Лекин бу ишни режалаштирмаган эдик. Биз ФСБ ходимлари, мулозимларга тегишли мол-мулклар тўғрисидаги маълумотларнинг “Росреестр”дан ўчирилгани юзасидан суриштирув олиб бораётгандик. Улар орасида Қозоғистон президентининг оиласига тегишли кўчмас мулклар ҳақидаги маълумотлар ҳам чиқиб қолди”, дейди у.
Мухолифатчига кўра, Навальний ва жамоасининг шов-шувли суриштирувлари ортидан Россия ҳукумати юзлаб давлат амалдорлари ва махфий хизматлар ходимларига тегишли мол-мулкларни жамоатчилик кўзидан яширмоқда.
Албуров айтишича, Тоқаевнинг ўғли Тимурнинг квартираси жойлашган Хамовники Москванинг энг қиммат туманларидан бири саналади, бинобарин квартиранинг бозор қиймати юзлаб миллион рублни ташкил қилиши мумкин.
Озодликнинг “Росреестр”да Тоқаев оиласига доир маълумотлар махфийлаштирилгани сабаби хусусидаги саволига жавобан Албуров шундай дейди:
“Ҳақли савол. Масалан, ФСБ ходимларининг мулклари махфийлаштирилганини, дейлик, “улар Америка махсус хизматлари қўлига тушишининг олдини олиш учун” деган баҳона билан хаспўшласа бўлар балки. Аммо Қозоғистон президентининг собиқ хотини ва ўғлига тегишли квартираларни яшириш Россияга нега керак? Менда битта изоҳ бор фақат: бу Россия президентининг Тоқаевга дўстона хизмати, деб ўйлайман. Қозоғистон президенти “Москвада мулким бор, бошқалар бундан хабар топишини хоҳламайман, ёрдам қилинг”, деб илтимос қилган бўлса, Путин бир оғиз гап билан қўғирчоқ “Росреестр”дан маълумотларни ўчиртирган, қўйган”.
Мухолифатчига кўра, суриштирувларда у собиқ президент Нурсултон Назарбоев оиласининг Россиядаги кўчмас мулкларига доир маълумотларни ҳам қўлга киритган. Унинг фикрича, “кўчмас мулклар кўп, диққат билан ўрганилса, яна кўп қизиқ нарсаларни топиш мумкин”.
Бундан ташқари, Албуров Майдан воқеаларидан сўнг Россияга қочиб келган Украина собиқ раҳбарлари ҳам Москвада анча-мунча ҳашаматли уй-жойлар харид қилганини аниқлашганини билдирган. Умуман, унга кўра, постсовет мамлакатлар барча президентларининг Москвада “нимасидир бор”.
“Чунки Москва – тортиш маркази. У ерга пул сарфлаш учун боришади. Россиядагилар ўғирлаган пулларини Майамида сарфлашни хуш кўришса, постсовет республикаларнинг коррупционер мулозимлари Майамидан аввал Москвада ул-бул сотиб олишни маъқул топишади”, дейди Георгий Албуров.
Қозоғистон ҳукумати ҳанузгача Навальний жамоасининг мазкур суриштируви юзасидан расмий изоҳ бергани йўқ. Президент маъмурияти вакили Озодлик сўровига жавобан “видеони ҳозирча кўрмаган”ини айтган.