Москвага Ислом Каримовнинг ҳайкали нега керак бўлиб қолди?
«Фарғона» фотоси
Россия Каримовнинг терроризм ва экстремизмга қарши “курашини” қўллаган оз сонли давлатлар орасида бўлган. Андижонлик қўзғолончилар 2005 йилда Путиндан ёрдам ва адолат кутгандилар, бироқ улар Каримовнинг буйруғи билан шавқатсизларча ўққа тутилди, Кремль Тошкентнинг бу ҳаракатларини қўллади. Москва Каримов ўзининг юртида ҳеч қачон “майдан”ларнинг пайдо бўлишига йўл қўймайди, деб ҳисобларди ва бу чинакамига ҳақиқат бўлиб чиқди. Каримовнинг олиб борган сиёсати боис Ғарб инвесторлари ҳам, ғарб сиёсатчилари ҳам Ўзбекистондан юз ўгира бошладилар. Чет эл бизнеси берилган миллион-миллион поралар ва активлардан воз кечиб Ўзбекистонни шамол тазлигида тарк этди. Ўзбекистон давлатининг раҳбари билан қўл бериб саломлашиш уят саналадиган давр келди, у нафақат Европа ва АҚШ билан, балки ён қўшнилари билан ҳам жанжаллашиб тескари бўлиб олди. Ўзбекистонга нисбатан санкциялар айнан Андижондаги қатлиомдан сўнг жорий этилди. Энди бўлса Қрим ва қўшни Украина билан бошланган уруш туфайли Россия ҳам АҚШ ва Европа санкциялари остида қолиб кетиб, “мохов-давлатга” айланишига оз қолди. Путин Россияси ва Каримов Ўзбекистони доим мустаҳкам ришталар билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Бу ришталар охир-оқибатда Ўзбекистон раҳбари тарк этган россияпараст халқаро ташкилотлар ва бирлашмалар кўринишида эмасди. Бу ришта қашшоқлик туфайли ватанидан чиқиб кетган, Москва ва Россиянинг бошқа кўплаб шаҳарларида осмонўпар биноларни қураётган, йўлларни таъмирлаб кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларини супураётган миллионлаб меҳнат мигрантларининг тақдирлари орқали боғланган. Каримовнинг ўзи уларни “дангасалар” ва “текинхўрлар” деб атаб, гўё шу билан Москвага бу одамлар аслида одам эмас, улар билан истаганингизча муомала қилишингиз мумкин, дегандек бўлди.
Ёдгорлик ҳайкалида Каримовдан ташқари учта кичкина одам фигуралари бор. Уларнинг катталиги эман баргидек келади. У эса улкан, улуғвор, саройлар ва минораларда ҳам баланд. “Фарғона” коллажи
Каримов ва у ҳукмдорлик қилган даврдаги Ўзбекистоннинг тақдири Россиянинг сўнгги йиллардаги сиёсий жараёнининг етарли даражада ўхшаш метафорасидир. Бу ерда жуда кўп гапларни айтиш мумкин. У юртда ҳам бу юртда ҳам ёппасига коррупция. Ақллар ва пулларнинг мамлакатдан оқиб чиқиши – Ўзбекистон келажаги учун жиддий муаммо. Россиядан ҳам мутахассислар ва сармоялар катта тезлик ила чиқиб кетмоқда. Каримов йигирма етти йил, токи жони жасадини тарк этгунга қадар мамлакатга ҳукмдорлик қилди. Путин ҳам иқтидорга келганига 18 йил тўлди, яна қанча давр суришини ва бундан кейин нима бўлишини ким билади?.. Ўзбекистонда бугунги кунда нималардир ўзгараётгани ҳам рост: мамлакат моховлик мақомини тарк этди, бозор иқтисодиётидаги ислоҳотлар жонланди, кўплаб сиёсий маҳбуслар турмалардан озод қилинди, салкам совуқ уруш ҳолатидаги бўлган қўшнилар билан ярашиб, чегаралар очила бошланди. Бу ерда илк бор диссонанс юзага келмоқда, Кремль ҳозирча жанубдаги қўшнисидан ўрнак олишга шошилмаяпти. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда номи деярли тилга олинмай қўйилган, меросидан аста-секинлик билан воз кечилаётган Ислом Каримов ҳайкалининг Москвада ўрнатилишини тарихий парадокс дея баҳолаш мумкин. Ўзбеклар ўз каримовини барча айблари билан Москва ҳиёбонига ўрната туриб, гўё сизларнинг бошингизга ҳам шу кунлар тушиши, бизнинг тарихимиз исталган фурсатда сизларнинг тарихингизга айланиши мумкин, дегандек москваликларни огоҳлантиришмоқда. Ана шу жиҳатдан ёдгорлик ҳайкали Москвага жуда ҳам зарур. “Ривожланишнинг каримовча йўли”га тушиб қолмасликка ундовчи огоҳлантириш каби. Даниил Кислов, “Фарғона” бош муҳаррири “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги