ОАВ: Абхазияда Ўзбекистонга қайта олмаётган юзлаб муҳожир кўчада тунамоқда (ВИДЕО)
“Сурхондарёлик Ренат Юсуповнинг хабар беришича, Абхазияда айни пайтда икки мингга яқин Ўзбекистон фуқароси мавжуд. Улар бу ерга Россия орқали ишлашга келишган. Пандемия туфайли чегаралар ёпилгач, Ўзбекистон фуқаролари шу ерда қолиб кетишган ва умид билан карантин чекловлари бекор қилинишини кутишган”,-дейилади хабарда.
Нашрнинг ёзишича, Ташқи ишлар вазирлиги Абхазияда қолиб кетган 400га яқин ўзбекистонлик октябрь ойи бошида ватанига қайтарилишини билдирган. Аммо орадан 19 кун ўтган бўлса ҳамки бу ваъда бажарилмаяпти.
Абхазия ҳудудида қолиб кетган ватандошлар Ўзбекистоннинг Ростов ва Москва шаҳридаги консулхоналарига мурожаат қилишган. Аммо дипломатик ваколатхоналар муҳожирларнинг мурожаатларига “тайинли жавоб бермаган”.
“Давлат бизни бепул олиб кетсин демаяпмиз, чартер рейс учун қўлимизда пулларимиз бор. Фақат Абхазиядан Россия ҳудудига ўтиб олсак бўлди”,-демоқда мухожирлар.
Маълум бўлишича, муҳожирлар Ўзбекистонга қайтиш учун Россия ҳудудига ўтишлари керак. Айни пайтда эса чегарани кесиб ўтишга фақат Россия ва Абхазия фуқароларига рухсат берилган.
Озодлик радиоси 28 сентябрь куни карантин чекловлари туфайли Абхазияда қолиб кетган ўзбек муҳожирлари Ўзбекистонга транзит йўли очиб беришни сўрашаётгани тўғрисида хабар берган эди.