Украинада россиялик 23 нафар артистга қарши жиноят иши қўзғатилди
Прокуратура хабарномасида артистларнинг исми келтирилмаган, бироқ Украинанинг Strana.ua нашри концертда иштирок этганлар рўйхатини эълон қилган. Улар орасида Григорий Лепс, Пелагея, Александр Маршал, Денис Майданов, Ольга Кормухина, Александр Буйнов, Дима Билан, Олег Газманов, Валерия, Жасмин, Дмитрий Харатьян, Алёна Свиридова, “Градуси” гуруҳи, Кубань казаклари хори ҳамда Қора денгиз флоти ашула ва рақс ансамбли артистлари бор.
Украина ҳудудини айланиб ўтувчи Қрим кўприги қурилиши режаси ҳақида Россия расмийлари яриморол аннексия қилинганидан кейиноқ эълон қилганлар. Кўприкнинг автойўл қисми 2018 йил май ойида, темир йўл қисми эса 2019 йил декабрида очилган.
Европа Иттифоқи Қрим кўприги қурилишида иштирок этган ўнта ширкат ва бир неча хусусий шахсга қарши санкциялар жорий қилган. Санкция рўйхатига кирганлар орасида Владимир Путинга яқин кўрилган тадбиркор Аркадий Ротенберг томонидан асос солинган “Стройгазмонтаж” фирмаси ҳам бор. Россияда кўприк қурилиши учун Ротенбергга Меҳнат қаҳрамони унвони берилган.
Россия Қримни 2014 йилда ўтказилган референдум натижаларига кўра аннексия қилиб олган. Мазкур референдум Украина қонунчилигига зид равишда ҳамда яриморол россиялик ҳарбийлар назорати остига ўтганидан кейин ўтказилган. Ғарб мамлакатлари буни халқаро ҳуқуқ меъёрларининг бузилиши, деб ҳисоблайди. Москва эса яриморолнинг ўз ҳудудига қўшиб олинишини “тарихий адолатнинг тикланиши” деб атайди.