Болгария Россиянинг жосусликда айбланган икки дипломатини бадарға қилди
Болгария Ташқи ишлар вазирлиги “дипломатик ваколатга тўғри келмайдиган ҳаракатларни содир эртгани учун” икки рус дипломатини 22 март куни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилган эди.
Россиянинг Софиядаги элчихонаси бу қарорни “асоссиз” деб атади ва “Москва жавоб чоралари кўриши” тўғрисида маълум қилди.
Болгария Россия билан тиғиз маданий, тарихий ва иқтисодий муносабатларга эга. Россия Болгариянинг асосий энергетик ҳамкори ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Болгарияда Россиянинг қатор жосуслари аниқлангани ортидан София ва Москва муносабатлари дарз кетди.
Болгария ҳукумати 19 март куни Россияга махфий маълумотларни етказиб турган гуруҳ қўлга олингани тўғрисида хабар берган.
Болгария прокуратурасининг билдиришича, олти киши, жумладан, ҳарбий разведканинг амалдаги ва собиқ ходимлари Болгария, НАТО ва Европа Иттифоқига оид махфий маълумотларни Россиянинг Софиядаги элчихонаси ходимларига етказиб турганликда айбланмоқда.