Жириновскийнинг оғзидан учаётган фитна
Россия Либерал-демократик партияси етакчиси, Давлат думаси депутати Владимир Жириновский оғзига нима келса айтаверишини яхши биламиз. Аммо ўзини тентакнамо тутишлари бир ўйин эканини, унинг тили орқали етказиладиган кўп фикрлар ортида фитна яширинлигини тахмин қилиш қийин эмас. Мана, яна у Афғонистондаги вазиятга муносабат билдириш фонида Марказий Осиё давлатлари суверенитетига дахлдор куракда турмайдиган фикрлар билдирибди. Видеони партиянинг Youtube даги каналида кўриш мумкин.
У нима демоқда? Айтишича, Афғонистондаги вазиятнинг кескинлашиши Марказий Осиё мамлакатларининг Россия таркибига киришига имконият бўлиши мумкин.
“Афғонистоннинг асосий қисмини пуштунлар ташкил қилади, улар Покистон халқига яқин, улар ҳам ўзларини пуштун деб билишади, – дейди сиёсатчи. – Демак, улар бирлашади ва Пуштунистон Ислом Республикаси бўлади. Улар бу ҳақда орзу қилишади, уларга ҳалал берманг. Ва майли Ҳиндистон билан бизнинг Марказий Осиё () ўртасида Пуштунистон бўлсин. Бундай вазиятда Россия учун тўғри йўл ҳеч нарса қилмасликдир”, дейди Жириновский.
“Агар ҳеч нарса қилмасликнинг иложи бўлса, тўдалар, ИШИД ва Афғонистонда тўпланадиган ҳамма одамлар, камбағаллар, ишсизлар, очлар Марказий Осиёга кириб кетади. Ёнларида бой Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон бор. Улар бостириб киришади, лекин биз аралашмаслигимиз керак.
Аммо, бир мунча вақт ўтгач, у ердан, масалан, Москва ёки Саратовга қочган раҳбарлар, Россия давлати раҳбаридан уларни Россиядаги вилоятлар сифатида қабул қилишни сўраганда, биз уларни қабул қиламиз, ҳимоя қиламиз ва Марказий Осиёни барча экстремистлар, радикаллар ва фанатлардан тозалаймиз”.
Жириновскийга кўра, бу режанинг якуний нуқтаси Россия Федерацияси таркибида Душанбе, Бишкек, Тошкент, Ашхобод ва Чимкент вилоятларини яратиш бўлиши керак. “Ва ҳеч қандай республикалар, ҳеч қандай президентлар”, дея хулоса қилди сиёсатчи.
P.S: Агар бизда салгина миллийликни улуғлашга ҳаракат кучайтирилса ёки бирор арзимаган фикр айтилса, дарров Захарова деган хоним баёнот билан чиқади. Лекин Россия Думасининг вакили нима учун хоҳлаганини гапириши керак?!
Шу фикри бузуқни биз 2018 йилда Бухорода меҳмон қилиб, ҳурматини жойига қўйганмидик? Тузимизни еб, бугун бундай провокациялар қилиши нимаси? Провокацияларига учиш керак эмас, тентак тентаклигини қиладида, деймизу, аммо одамга алам қилади. Бир вақтлар Қозоғистон, Озарбайжон айнан Жириновскийнинг ножўя фикрлари учун изоҳ талаб қилиб Россия ТИВга нота жўнатганди. Бизнинг ТИВ, депутатларимиз, масалан, Алишер Қодиров бунга нима дейди? Видео жойланганига бир ҳафта бўлибди. Ёки ҳали кўзлари тушмадимикан?
@platformauzb