Украина президенти Владимир Зеленский Қуддусни Россия билан музокаралар жойига айлантириш мумкинлигини айтди. Бу ҳақда у Исроил парламентидаги видеомурожаатида маълум қилди. Украина раҳбари Исроил бош вазири Нафтали Беннет Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги музокараларни ташкил этишда воситачилик қилишга уринаётганига эътибор қаратди. «Биз бу саъйи-ҳаракатлардан миннатдормиз, эртами-кечми Россия билан гаплаша бошлаймиз. Балки Қуддус тинчлик йўлини топиш учун тўғри жойдир», — деди сиёсатчи. Зеленский шунингдек, Исроилни бетарафлик сиёсатини ўзгартириб, Украинага ёрдам беришга ундаган. Украина президенти уруш бошлангандан бери Россия раҳбари Владимир Путинни музокараларга чақириб келади.