Фото: Эаст-Фруит Қозоғистондаги Ақтау денгиз порти раҳбарияти юкларни ташиш борасида Ўзбекистон компанияларидан буюртма олишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги. Мазкур келишувга Ўзбекистоннинг Ақтаудаги бош консули ва «Ақтау денгиз савдо порти» бошқарув раиси Абай Турикпенбаев билан учрашув давомида эришилган. Шунингдек, учрашув давомида томонлар Ақтау порти орқали Ўзбекистон маҳсулотларини яқин ва узоқ хориж давлатларига етказиш масаласини муҳокама қилган. Ақтау денгиз порти Каспий денгизининг шарқий қирғоғида, бир нечта халқаро транспорт коридорлари кесишган нуқтада жойлашган. Бу Эрон, Туркия, Россия, Озарбайжон, Туркманистон йўналишлари бўйича йилига 12 ой давомида қуруқ юк, нефть маҳсулотларини шарқдан ғарбга, шимолдан жанубга ва ортга ташиш имконини беради.